Абдураҳим Пўлатов нега қопиб гапиради?

Толиб Ёқубов

6-қисм

Унинг сайтига эътибор қилинг. «Ҳаракат» хабарлар агентлиги»нинг иғвога тўла материаллари фақат ўзбекзабон ўқувчи учун мўлжалланган, ундан бошқа миллат вакиллари ҳеч қандай маълумот ола олмайдилар, халқаро ташкилотларга ёзиладиган хатларда унга ишора (ссылка) қилиб бўлмайди. Ўзбек ҳукумати учун «Ҳаракат»данда оромижонроқ сайт бўлиши мумкинми?!! Бу сайтнинг ягона вазифаси тарқоқ ўзбек мухолифати орасига янада нифоқ солишдир! 1998 йилдан бери АҚШда (!!!) яшаётган «тарихий шахс» сайтидаги ўзбек саҳифасида чоп этилган «Ҳаракат» агентлиги материалларини инглиз ва рус тилларига тўлиқ таржима қилиб, инглизча ва русча саҳифаларга қўйса бўлмасмиди? Бўларди! Бироқ у буни атайлаб қилмайди. Сабаби оддий:

1) Мухолифат ва ҳуқуқбонларга ёғдирилаётган иғволар ўзбек тилида ёзилиши ва ўзбекча саҳифада тургани, халқаро ташкилотларга етиб бормагани ва ўзбек ҳукуматига ёқиши жуда муҳим;

2) Иғвога тўла ўзбекча материаллар инглиз ва рус тилларига таржима қилинса, унинг иғволари фош ва ҳақиқий мақсади ошкор бўлади, бу эса уни халқаро грантлардан дарҳол маҳрум қилади.

А. Пўлатов фош бўлишдан ўлгудек қўрқади. Шунинг учун ҳам менинг «Постоянный скандальный фон …» номли мақолам рус тилида ёзилгани ва у «ЦентрАзия» сайтига қўйилганини танқид остига олди.

И. Каримов 1989-92 йилларда ОАВда юзага келган барча нисбий эркинликларни буғиб, «мақсадга эришдим» деб ўйлади, бироқ у Интернетни ҳисобга олмади. Ҳозир Ўзбекистонда сал дадилроқ даромадга эга бўлган оилалар болаларига комьютер олиб беришмоқда. Телефон линиялари мукаммаллашган жойларда одамлар Интернетдан фойдаланишмоқда ва аҳоли орасида информация алмашиш катта тезлик олмоқда. Кўпчилик (айниқса ёшлар) блокларни «ёриб» ўтадиган прокси-серверлардан фойдаланишга уринмоқдалар. Ҳукумат буни сезмоқда ва бу масалани ҳам «ҳал» қилишга ҳаракат қилмоқда.

ЎИҲЖнинг тўққизта бўлимига тегишли компьютерлар, Юсуф Жума, Солижон Абдураҳмонов, юзлаб мусулмон оилалар компьютерларини мусодара қилиниши ҳукуматнинг шу йўналишдаги ишидир. Бу, балки, А.Пўлатов ёзаётгандай И.Каримов ҳукуматининг «ақлли политтехнологияси»дир? Агар бу политтехнология бўлса, бундай жирканч политтехнологияларни «ақлли» деб баҳолаб А.Пўлатов И.Каримов сиёсатига ҳавас қилаётганга ўхшайди.

Ҳикоя

1989 йилнинг февраль-май ойларида мен ТошДУнинг малака ошириш факультетида ўқиётган пайтимда алгебра кафедраси мудири профессор Ҳожиев бир куни мени коридорда тўхтатиб: «Толиб ака, сиз Солженициннинг «Архипелаг ГУЛаг» китобини ўқиганмисиз?» – деб сўради. Менинг тасдиғимни эшитгач, у киши менга: «Ҳали бориб-бориб Ўзбекистонда юзага келадиган режим лагерлари ҳақида ҳам шундай китоб ёзиш эҳтиёжи туғилади. Ҳозирдан бошлаб материал йиға бошлаш керак. Ким буни қила олади?» – дедилар. Нақадар узоқни кўра оладиган одам эканлар домла! Мен аминман, ёзилажак китобнинг асосини А.Пўлатов «йиғи-сиғи» ва «дод-вой» деб баҳолаётган материаллар ташкил этади. (Охири).

А. Пўлатов 1993 йилдан бошлаб 21-аср бошларига қадар Ўзбекистонда

ЎБХҲ фаолиятини сал бўлса-да сув бетида ушлаб туриш учун деярли ҳеч нарса қилмади, дейиш мумкин. Абдуманноб Пўлатовдан бир келганида одамлар: «АҚШда яшаб, ЎИҲЖ раиси сифатида қандай конкрет ишлар қилдингиз?» – деб сўрашганда у: «60 дан ортиқ мақола ёздим» – деганидай, акаси: «Туркия ва АҚШда яшаб, ЎБХҲ раиси сифатида қандай конкрет ишлар қилдингиз?» – деган саволга: «Ҳаракат» журналини чиқардим» деб жавоб бериши мумкин, холос.

Биринчидан, ўзини ҳурмат қилган ташкилот нашри иши билан раис эмас, малакали мутахассислар шуғулланиши, раис эса нашрни ташкиллаштириш, уни молиялаш ва энг аввало ташкилот иши билан банд бўлиши керак.

Иккинчидан ва энг асосийси, журнал минглаб нусхада Москвадан (контейнерда, 500 кг.да) Васила Иноятова томонидан олиб келинган бўлса-да, ишончли манбаълар маълумотига қараганда у деярли тўлиқлигича ИИВга топшириб юбораверилган. Мен вилоятларда кўп бўлганман ва албатта «Ҳаракат» журналининг биринчи навбатда бирликчиларга етиб бориш-бормаслиги билан қизиққанман, бироқ журнал етиб борган бирорта одамни учратмадим. Журнал ҳақидаги ҳақиқат барибир ошкор бўлади, ошкор қиладиган одамлар ҳали ҳаёт.

Шундай қилиб, А.Пўлатов мақтанадиган ютуқлар деярли йўқ. Чет элда яшаб, ўз ташкилотига етарлича яхши ташкилотчилик қилган шахслар тарихда оз эмас, бироқ улар орасидан Абдураҳим Пўлатовни топа олмайсиз. Ўзбекистонга президент бўламан, деган катта амбицияга эга бўлган А.Пўлатов эса биринчи уриниши пуч бўлгач, ҳамда суиқасддан кейин И.Каримов у билан қандай тилда гаплашишини тушунгач, чет элга чиқиб кетди ва барча ишни ўзгалар қўли билан қилмоқчи бўлди. Сиёсий ва ҳуқуқбонлик фаолиятлари, бу – ижтимоий вазифадир: инсон истаса шуғулланади, истамаса – шуғулланмайди. Мен ўзимдан қўшиб қўймоқчиман-ки, инсон сиёсат билан шуғулланиши учун унинг ақлли, бағрикенг, ўзгача фикрга чидамли раҳбари ҳам бўлиши лозим. Абдураҳим Пўлатовда бу сифатлар кузатилмайди.

***

Ўйлайман-ки, мен ушбу мақоламда А. Пўлатовнинг кўпчилик билмаган, баъзилар билса-да ошкор айтмаган ва ёзмаган, ёки ёзишга жирканган ёки қўрққан, жиҳатларини ёритдим. Табиий, унинг мен билмаган жиҳатлари талай бўлса керак. Шуни ҳам тан олишим керак-ки, мен ЎБХҲга аъзо бўлганимдан (1989 йил февраль) то 2001 йилгача унинг энг содиқ сафдоши бўлганман (ўзимнинг назаримда). Унинг менга қўяётган «хоин», «Бирлик»дан чиқиб И.Каримов режимини мустаҳкамлади», «куёви унинг хоинлиги туфайли қамалди» каби айблари шунчалик бебурд-ки, уларни сиёсий лидерликка даъво қилаётган одам айтганига ишониш қийин.

У 16 йилдан бери чет элда яшаб, Ўзбекистондаги ҳақиқий ахволни тасаввур қила олмай қолган деб ўйлайман, уни эса «информация» билан таъминлаётганлар нимани узатишни яхши биладилар. Икки йил чет элда яшаб мен ватандаги ҳақиқий ахволдан сезиларли даражада узоқлашганимни сездим. Мен аминман, у кўп жиҳатдан ширин хаёллар оғушида қолиб кетган.

Мен энди мақола бошида қўйилган учта саволнинг охиргисининг жавобини келтирмоқчиман.

1992 йилги суиқасд, Шавриқ Рўзимуродов ва бошқаларнинг ўлдирилиши ҳамда И.Каримов режимининг сиёсий ва диний мухолифатга қандай муносабатда бўлганини кўрган А.Пўлатовда ҳукумат олдида жуда кучли қўрқув шакллантиргани ҳамда у ҳаёт ва сиёсатга нисбатан ўзига хос муносабат йўлини танлагани ҳақида айтиб ўтган эдим. Унда 1989-91 йилларда мамлакатга президент бўлиш амбицияси жуда кучли бўлган бўлса-да, бироқ у реал аҳволни ва И.Каримов режимининг асл моҳиятини яхши тушунган.

Бир мисол. 1993 йил мартида мухолифатнинг етти аъзоси (Абдураҳим Пўлатов, Ёдгор Обид, Жаҳонгир Маматов, Мадамин Нарзиқулов, Сейдулаи Байдуллаев, Толиб Ёқубов ва исми-шарифи ёдимдан чиққан бир сафдошимиз) Туркияга халқаро конференцияга бордик. Йиғинга кетаётганимизда, кўчада, сўҳбат аралаш, А.Пўлатов И.Каримов ҳақида гапира туриб: «У яна 15 йиллар тахтни ҳеч кимга бермайди» – деди. Менинг жаҳлим чиқди: «Демак бизнинг курашимиз беҳуда экан-да?! Сиз лидер сифатида бизнинг кўнглимизни кўтариш ўрнига бизда пессимистик кайфият уйғотаяпсиз» – дедим. Иккаламиз уришиб қолдик.

2008 йилнинг мартида А.Пўлатов «башорат» қилган 15 йил тугади. Ўшанда менда унга нисбатан биринчи марта билинар-билинмас шўбҳа уйғонди. 2001 йилнинг мартида Вашингтонда бу башорат эмаслигига тамоман ишондим. Вашингтон кўчаларини айланар эканмиз, у 5-6 марта ҳадеб бир нарсани такрорлайверди: «ЎИҲЖ инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишни юксак чўққига олиб чиқди, энди буни тўхтатиш керак ва сиёсий талаблар билан майдонга чиқиш керак. Тўғри, сиёсий талаблар билан чиқа бошласаларинг Каримов сизларни қамай бошлайди, аммо бу ягона йўл».

Бу гап менинг баданимни музлатди ва Абдураҳим Пўлатовга бошқача назар билан қарашга мажбур этди. Мен унинг такрор-такрор айтаётган гапига: «Абдураҳим ака, биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилаяпмиз, бундан ортиғини қила олмаймиз. Ўзбекистондаги шароитни ўзингиз яхши биласиз» – деб жавоб беравердим. Шундан сўнг у мени ҳақорат қила бошлади. Ўша кезларда ЎИҲЖ, гарчи давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилот бўлса-да, жуда яхши ва самарали ишлаётган ташкилот эди.

Шуни ҳам айтишим керак-ки, ҳукумат ЎИҲЖни ҳамма вақт сиёсий ташкилот деб ҳисоблаб келган. 1998 йил АҚШ Давлат департаменти делегацияси президентнинг давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломов билан учрашганда: «Нега ЎИҲЖ шу пайтгача давлат рўйхатидан ўтказилмаяпти?» – деб сўралган. Бунга жавобан Бахтиёр Ғуломов: «ЎИҲЖ ҳуқуқбонлик ташкилоти эмас, у – сиёсий ташкилот» – деб жавоб берган. Бизни инсон ҳуқуқлари мониторингини тўхтатиб сиёсий чиқишлар қилишга ундаб, А.Пўлатов давлат қўли билан ЎИҲЖни ноқонуний фаолият олиб боришда айблаб тамоман тугатишни мўлжаллаган, яъни ҳукумат заказини амалга оширмоқчи бўлган.

Мен унинг авантюрасига учмадим. Шундан сўнг у, укаси ва Васила Иноятова мен ва ЎИҲЖга қарши кенг кўламлм провокациялар уюштира бошлашди. Улар уч вилоят бўлимимиз раҳбарларини ўз томонларига оғдариб олишга муваффақ бўлдилар ва «ЎИҲЖ йўқ бўлиб кетди» – дея эълон қилдилар. Улар имкон қадар ЎИҲЖни ичдан бузишга ҳаракат қилдилар ва бу ишда Васила Иноятова катта жонбозлмк кўрсатди, бироқ натижага эриша олмадилар. 2002 йил 17 февралда тузилган ва ДАРҲОЛ рўйхатдан ўтган (ЎИҲЖнинг 17 ЙИЛдан бери рўйхатга олинмаганлиги олдида 14 ОЙда рўйхатдан ўтган) «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари млниторингидан бошқа нима иш қилаяпти? Мониторингни тўхтатиб, нуқул сиёсий курашга ўтганми?

Пикетлар – бу сиёсий тадбир. ЎИҲЖ 4 йил давомида деярли тинимсиз, ҳеч бўлмаганда ана шундай тадбирларни ўтказиб келди. «Эзгулик»чи? Жавобини мен юқорида келтирдим.

ШУНДАЙ ҚИЛИБ

Асосий дастлабки хулосалар:

а) 1989-91 йилларда А. Пўлатовда Ўзбекистонга президент бўлиш истаги, амбицияси, интилиши бениҳоя баланд бўлган ва биринчи уриниш беҳуда бўлгач, у ўзининг барча нафратини И.Каримовга эмас, қай йўсинда бўлмасин сайловда қатнашган «Эрк» партияси раиси Муҳаммад Солиҳга қаратган;

б) 1992 йилдан бошлаб унда ҳукумат олдида жуда кучли қўрқув пайдо бўлган (сабабларини мен юқорида келтирганман) ва у ўзига келажакда сиёсий перспектива йўқлигини сезган; [катта сиёсий амбицияга эга бўлган одам яна Кибернетика илмий-текшириш институтининг оддий лаборатория мудири даражасига қайтишни у ўзига эп кўрмаган];

в) у ватанда қолиш ва сиёсий курашни давом эттириш бефойда эканини ва И.Каримов ундан муқаррар ўч олишини тушунган;

г) бироқ, барибир ўша сиёсий амбиция ундан бутунлай ўчиб кетмаган, яъни бир кунмас бир кун президент бўлиш истаги унда сақланган ҳамда бунга эришишнинг ягона йўли И.Каримов билан келишиш деб тушунган; И. Каримов ҳам унинг амбициясини яхши билган, ундан маълум маънода қўрққан ва маълум шартлар эвазига (ўзини номига мухолифатчидай қилиб кўрсатиб туриш, келишилган муддат ичида Ўзбекистонга келмаслик, имкон қадар мухолифатни пароканда қилиш ва ҳоказо) келишувга кўнган [унинг ҳар бир қадами айёрликдан иборат эканини вақт кўрсатди];

е) чамаси, келишув 15 йилга тузилган ва А.Пўлатовнинг Туркияда айтган гапи башорат бўлмаган [И.Каримов 1995-2000 йиллар орасида ўз интервьюларида: «Ака-ука Пўлатовлар ватанга қайтиб, фаолиятини давом эттиришлари мумкин» деганини мен камида уч марта эшитганман];

д) ўша пайтда у 44-45 ёшларда бўлган, ҳозир эса 60 дан ошди ва бундан кейин унинг сиёсий амбициясининг амалга ошишининг эҳтимоли кескин камая боради – у буни яхши тушунади ва шу сабабли келишув шартларини изчиллик ва эътиқод билан бажаришга ҳаракат қилмоқда.

Асосий хулоса: А. Пўлатов Ўзбекистон ҳукумати билан чамбарчас алоқада ишламоқда.

Менинг узрларим

1) Мен биринчи марта анчагина қўпол сўзларни ишлатган ҳолда ушбу мақолани ёздим. Бу кимларнингдир ғашини келтирган ёки норозилигига сабаб бўлган бўлса, менинг узримни қабул қилсинлар. Бироқ бу сўз ва иборалар А.Пўлатов ёрлиқлари ва ҳақоратларига яраша, деб ўйлайман.

2) Кўзим ўта хира бўлгани учун мақола равонлиги яхши чиқмади. Узримни қабул қилинг.

Менинг ҳадигим

Мени ўзининг душмани деб ҳисобловчи Васила Иноятова бир неча ой илгари тўсатдан менинг Жаслик концлагерида ётган куёвим Азамжон Фармоновнинг иши бўйича бир элчихонадан грант олиб ва адвокат ёллаб иш бошлабди. Шу ҳам маълум-ки, у тарқатган ўзининг бир пресс-релизида куёвимни «жиноят содир этган Азам Фармонов» деб атаган ва давлат рўйхатидан ўтган ҳуқуқбонлик ташкилотининг раиси сифатида прокуратура ва суднинг важларини тасдиқлаган.

Унинг асл мақсади менга қоронғу, – ҳар ҳолда куёвимга яхшилик қилишига мен ишонмайман. Менинг бу мақоламдан кейин, ҳатто Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 60-йиллиги, сохтакорлик бўлса-да, Ўзбекистонда кенг нишонланиши арафасида кутилаётган «кичик амнистия» бўйича озодликка чиқиши даргумон деб ўйлайман (куёаимнинг ҳимоячиси сифатида унинг МУТЛАҚО АЙБСИЗ эканини мен исбоилаганман).

Охирги ҳикоя

Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги Комсомол кўлидаги чойхонада шоир ва ёзувчилар йиғилишиб ошхўрлик қилишар ва улар орасида айтишув янграр экан. Бир йиғинга «Қорабайир отимиз» шеърининг муаллифи Акмал Пўлат ҳам келибди ва айтишувда Ғофур Ғулом шаънига икки сатр шеър тўқибди. Бироқ у шу заҳотиёқ бешёғочлик чапани шоирдан икки сатрлик «тепки» ебди:

От ҳақида шеър ёзиб, Акмалнинг оти чиқди,

От остига қарасам, акмал пўлоти чиқди.  (Охири).

Биз ҳам Ғофур акага эргашиб, «тарихий шахс»нинг номини ўзига муносиб қилиб «улуғлаб» қўймоқчимиз:

Абдураҳим мақтаниб, якка лидер мен , деди,

Орқасидан бироқ у, тарих тепкисин еди;

Тепки егач ортидан, Пўлотнинг дами чиқди,

Иноятга инониб, Раҳимнинг а… чиқди.

Битди.

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Leave a comment

Create a free website or blog at WordPress.com.