Ўзбекистон иқтисоди қайси йўлни танлаши керак? (1-қисм)

                Толиб Ёқубов

Ipak qurti

Пилланинг пахтадан асосий фарқи шунда-ки, пилла қанча етиштирилмасин, унга бир ой, нари борса бир ярим ой астойдил меҳнат қилинади. Пахтага ўхшаб деярли бир йил эмас! Буни ҳамма билади. Иқтисодчининг ҳисоб-китоби бўйича Ўзбекистонда тутзор плантациялар уч баробар кўпайтирилса, етиштирилаётган пилланинг йиллик ҳажмини 100 минг тоннага чиқариш мумкин экан.

1-қисм

 

                Муҳтарам ўқувчи эътиборига тақдим этилаётган ушбу мақола бир неча қисмдан иборат бўлиб, улар иқтисодий ва сиёсий масалаларга бағишланган. Мен иқтисодчи ҳам, сиёсатчи ҳам эмасман (13 йил “Бирлик” халқ ҳаракатининг аъзоси бўлганимни ҳисобга олмаганда). Бироқ мен баъзан билган, кўрган ва эшитганларимни муҳтарам ўқувчи билан  ўртоқлашгим келади. Иқтисодий масалалар бўйича ёзганларим ўзимнинг изланишларим эмас. Мен уларни ҳукумат томонидан тан олинмаган, қўллаб-қувватланмаган ва, ҳатто, қатағон қилинган олимлар ва оддий чхши одамлардан эшитганман. Шундай қилиб, …

Ҳар қандай сиёсий тузум шароитида жамиятнинг у ёки бу соҳасига етакчилик қиладиган шахслар етарлича мавжуд бўлади. У медицина бўладими, қишлоқ хўжалигими, таълим-тарбия ёки фан бўладими, ҳатто давлатни бошқаришми – фарқи йўқ – бундай одамларнинг бўлиши кимнингдир ирода-хоҳишига боғлиқ эмас. Бир соҳада кўпроқ, бир соҳада камроқ – фарқи шу, холос. Беш панжа баробар бўлмагандай, ҳар бир соҳада бундай шахслар асосий икки гуруҳга бўлинади: биринчи гуруҳни нияти тоза етакчилар ташкил қилса, иккинчи гуруҳ етакчилар эса нияти бузуқлардан иборат бўлади.

Асосий масала шунда-ки, муайян соҳада етакчилик қилиш учун ким олдин отилиб чиқади: нияти тоза одамми ёки нияти бузуғими? Бу айниқса энг катта соҳа-вазифа – давлатни бошқариш соҳасида ўта муҳимдир.  Сингапурда шундай одам Ли Куан Ю бўлган. У давлат бошига келгач, унинг яқин қариндош ва дўстлари бу вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланиб қолмоқчи бўлишган. Ли Куан Ю буни сезгач, уларнинг ҳаммасини қамаб юборади ва мамлакатда мисли кўрилмаган ислоҳотлар бошлайди. Сингапур кўп йиллардан бери дунёнинг энг бой ва фаровон давлатларидан бири, дея тан олинади. СССРнинг қулаши билан боғлиқ силсилалик 1989-90 йилларда Ўзбекистонни бошқариш мақсадида ҳаммадан аввал Ислом Каримов ҳаракат бошлади. Натижада Ўзбекистон хароб, ҳеч ким ҳурмат қилмайдиган мамлакатга айланди. Айтинг-чи, Ли Куан Ю ва Ислом Каримовнинг ниятлари қандай бўлган?

Яна бир мисол. Бундан 40 йиллар илгари Россияда ишланган “Раис” номли кинофильм кўрганман. Бу – ҳаммавақт кичик бир мотоциклчасини миниб юрадиган, ҳаммавақт танишми, нотанишми, одамларга қўлидан келгунча ёрдам бериб юрадиган, 25 ёшлардаги оддий бир йигит ҳақидаги  фильм бўлиб, у колхознинг умумий мажлисида, район раҳбарларининг қаттиқ қаршилигига қарамасдан раислик лавозимига ўз номзодини қўяди. Халқ уни қўллайди ва у раис бўлиб сайланади. У раисга беркитилган “Победа” машинасидан воз кечади ва раислик пайтида ҳам ўзининг мотоциклчасини миниб юради. Бир эпизод ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди: Раис мол фермасига бошлиқ излаётганини эшитган бир қариндоши унинг олдига, кабинетига киради ва ялтоқланиб мол фермасига бошлиқ қилиб қўйишни сўрайди. Раис имлаб уни ёнига чақиради ва шивирлаб қулоғига бир нарса дейди. Қариндоши қўрққаниданми, ғазабданми ёки ҳайратданми – кўзи ола-кула ҳолатда ўзини орқага ташлайди ва кабинетдан ит қувгандай қочиб чиқади.

Қиссадан хисса: СССРда тоталитар коммунистик ҳукмронлик “гуллаб-яшнаб” турган пайтда ҳам Россияда ҳурфикрлик бўлган. Ўзбекистонда эса ўша пайтларда ҳурфикрлилик бўлганми-йўқми  – ўзингиз биласиз.

Мақоланинг “Иқтисодий қисм”ида мен бир ибратли мисолда нияти тоза иқтисодчи ҳақида ёзмоқчиман. Эсимдан сал кўтарилган, 1989 йилмиди ёки 90-чи йилмиди, мен бир ёш (тахминан 30 ёшларда) ўзбек иқтисодчисининг маърўзасини эшитганман. Бу йигит катта бир йиғин олдида ўша замон учун ўта муҳим бўлган масала – пахта яккаҳокимлиги (монополияси)дан қутилиш йўлини ҳам кўрсатиб, ҳам исботлаб берди.

Унинг асосий ғояси Ўзбекистонда пахтадан бутунлай ёки деярли воз кечиб, мамлакатда ипак қурти боқишга урғу беришдан иборат эди. Совет даврида СССРда бир йилда 40 минг тонна пилла етиштирилган бўлиб, шунинг 30 минги Ўзбекистонга, қолган 10 минг тоннаси Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбойжон ва Украинага тегишли бўлган.  Мутахассисларнинг гапига қараганда, Ўзбекистонда қуёш радиацияси кучли бўлгани сабабли  тут баргида пиллақурти учун зарур бўлган модда сифатли бўлиб, шу сабабли сифат бўйича Ўзбекистонда етиштирилган пилла энг юқори навли бўлар экан.

Пилланинг пахтадан асосий фарқи шунда-ки, пилла қанча етиштирилмасин, унга бир ой, нари борса бир ярим ой астойдил меҳнат қилинади. Пахтага ўхшаб деярли бир йил эмас! Буни ҳамма билади. Иқтисодчининг ҳисоб-китоби бўйича Ўзбекистонда тутзор плантациялар уч баробар кўпайтирилса, етиштирилаётган пилланинг йиллик ҳажмини 100 минг тоннага чиқариш мумкин экан. Барги ипакқуртининг озуқаси бўлган тут дарахти асосан йўл четларида ўсиши, унинг барг массаси 40 минг тонна пилла етиштиришга етиши, пахтадан деярли воз кечишни ҳисобига беҳисоб ер майдонлари бўшаши ва бу ерларнинг бир қисмида тут плантацияларини барпо этиш мумкинлигини ҳисобга олинса, Ўзбекистонда йилига 100 минг тонна эмас, балки 200 ва ҳатто 300 минг тонна пилла етиштириш мумкин бўлади.

Мустақиллик йилларида пиллақурти боқиш даври уркалтак-суркалтак остида ўтадиган бўлиб қолди. Қурт уруғини хонадонларга тарқатадиган одамлар хонадонма-хонадон юришиб, аввал ялиниб-ёлвориб, кейинроқ дўқ-пўписа  билан, мажбурлаб 1 грамм, 2 грамм пиллақурти уруғи ташлаб кетар эдилар. Мен бу ахволни ўзим туғилиб-ўсган қишлоғим мисолида яхши биламан. Одамларнинг пиллақурти боқишдан юз ўгириши давлат меҳнатга муносиб ҳақ бермаслигидан эди.

Бу лойиҳанинг қандай афзалликлари бор?.

1)       Сув миқдори, майдон сатҳи, техника ва ёқилғи тежалиши афзаллиги.

 

Пахта миллионлаб гектар майдонни, қиш давомида яхобсув ҳамда баҳор, ёз ва кузнинг беш ойи мобайнида тинимсиз суғоришга кетадиган сувни талаб қилади. Пилла қурти “сув ичмайди”, тутлар эса ҳатто ташландиқ ерларда, йўл чеккаларида ҳам ўсаверади. Тут плантацияларини суғорган тақдирингизда ҳам ишлатилган сув миқдори пахта етиштиришга сарфланадиган сувдан тенгсиз даражада кам бўлади. Бундай шароитда асосий ютуқлардан бири – беҳад катта ер майдони бўшайди ва бу майдонни мамлакатнинг яна икки бойлиги учун, яъни сердаромад мевали дарахтлар ва полиз эканларига ажратиш мумкин. Бу ҳолда ер, сув ва ҳаво экологияси сўзсиз соғломлашиши тушунарли бўлса керак. Ёппасига пахтазорни бостириб суғориш барҳам егач, ерости шўр сувларининг кўтарилиши ва бунинг оқибатида ернинг шўрланиши ҳам барҳам ейиши ўз-ўзидан аёндир. Пахта етиштириш мутлақо ёки деярли бўлмаган шароитда ерни ҳайдайдиган, чигит экадиган, ғўзага ишлов берадиган, терилган пахтани пунктларга ташийдиган техника воситалари, асосан тракторлар ва уларга сарф бўладиган ёқилғига эҳтиёж бўлмайди.

Кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида сув муаммоси давлатлараро жанжал даражасига кўтарилмоқда. Мамлакатга сув келадиган асосий дарёлар Аму ва Сир йилдан йилга саёзлашиб бормоқда. Қишлоқхўжалиги асосан пахтачиликка қаратилган Ўзбекистон вақти келиб бу соҳани ўзгартиришга, тўғрироғи, ундан қисман воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Сувга зориқмаслик йўлларидан бири эса қишлоқхўжалигини айнан пиллачилик, деҳқончилик ва боғдорчиликка йўналтиришдир.

2) Меҳнат ва вақтнинг кескин тежалиши афзаллиги. 

 

Пахтачиликка қараганда пиллачиликда сарфланадиган меҳнат ва вақт ўн, балки юз баробар кам бўлишини исботлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Пилла қурти боқишда ҳамма операциялар (тут шохларини кесиш, новдадан баргларни ажратиш, баргларни пиллақурт қўйилган сўкичаклар узра яйратиб чиқиш, пиллақурт пилла тугиши учун шувоқли даста босиш ва ҳатто дастадан пиллани териш)ни механизациялаш қийин эмас. Пиллақурти боқишда аҳолини ташвишлантирадиган бир жиҳат шу-ки, илгари мамлакатда пиллақурти боқиладиган махсус бинолар қурилмаган ва бунинг учун оилалар бир ойга ўз яшаш хоналарини бўшатишга мажбур бўлганлар. Иқтисодчининг айтишича, пиллақурти боқиш учун махсус бинолар қурилгани афзал: биринчидан, бу биноларда иссиқлик режимини бир меъёрда ушлаб турувчи электр мосламалар ўрнатиш мумкин (ипакқурт иссиқлик ўзгаришига жуда таъсирчанлиги, ҳаво ҳарорати тасодифан пасайиб кетганда қуртлар қирилиб кетиши эҳтимоли катта бўлиши ҳаммага маълум). Пилла кампанияси ўтгач, бўш турмаслиги учун мазкур бинолардан пилла, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ёки сақлаш омборлари сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлиги ўз-ўзидан аён. Бундай биноларнинг қурилиши оилаларни ўз уйларини қурт боқиш учун бўшатиш азобидан халос қилади.

3) Болалар меҳнати бўлмаслиги афзаллиги.

Ўзбеклар учун бу проектда энг буюк афзаллик болалар меҳнатининг бўлмаслигидир, болалар ғўза чопиғига ҳам, пахта теришга ҳам, пилла боқиш ва теримига ҳам жалб қилинмайди – болалар мактабда бўлади. Бир пайтлар ўзбеклар баланд бўйли, серқомат одамлар бўлгани ҳақида ёзилган манбаълар бор. Ҳозирги пайтда бу параметрлар бўйича ўзбеклар кўп халқлардан орқада – ўзбек болалари таборо майдалашиб бормоқди. Мол боқувчи халқлардан фарқли ўлароқ ўзбек пахтакори йил давомида энгашиб ишлайди: ер чопади, ғўзани ўтдан тозалайди, чеканка қилади, пахта теради ва ҳ. Бу жисмоний ҳолат одамда ўзига хос зеҳният, қуллик психологиясини шакллантиради. Ноэркин жамият шароитида, ҳукумат томонидан болаларни пахта майдонига ҳайдаб чиқариш, хўрлаш, нормал овқат ва сувдан маҳрум қилиш бу психологияни чуқурлаштиради. Пахта монополиясини йўқ қилиш ўзбек болаларини қуллик психологиясидан қутқариш йўлларидан биридир.

4) Иқтисодий афзалликлар.

 

Мен айтаётган иқтисодчи ўша маърузасида қатор рақамлар ва жадваллар воситасида 100 минг тонна пиллани мамлакатнинг ўзида қайта ишлаб, чет эллардан энг илғор ипак ип йигириш машиналарини сотиб олиб, ипак иплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, улардан рақобатбардош матолар, кийим-кечак ва бошқа буюмларни ишлаб чиқариб, уларни дунё бозорига киритиб даромад қилинса, бир гектарга ҳам пахта экмасдан Ўзбекистон эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мумкинлигини исботлаб берди. Мазкур лойиҳа амалга ошишининг ягона шарти сифатида иқтисодчи ҳар бир килограмм етиштирилган пилла учун меҳнаткашга бозор нормалари даражасида ҳақни ўз вақтида тўлашни лозимлигини айтиб ўтди.

Мустақиллик йилларида ҳукумат ва аҳолининг пиллага муносабати қандай бўлди? Бу масалага мен юқорида қисқача тўхталдим. Пиллачиликда замонавий ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги ҳукумат, тўғрироғи пилла мафиясининг хаёлига ҳам келган эмас. Ипакқурти боқиш масаласида совет ва мустақиллик даврларини таққосласак, ипакқурти боқиш кўлами ер билан осмонча фарқ қилади. Менинг ёшлик пайтларимда қишлоғимизнинг деярли барча хонадонида пиллақурт боқилар эди. Албатта, совет даврида мажбурий меҳнат амалда бўлганини ҳисобга олсак, ҳондонларнинг бир қисми бу иш билан мажбуран шуғулланган бўлса керак.  Бироқ, кекса отахон ва онахонлар ёшларга: “Пилла бир ойлик иш, бир ой кўз юмиб очгунча ўтиб кетади, бир ой қаттиқ меҳнат қилсанг, мўмайгина ҳақ оласан, бир ёнинг бут бўлади” дея ўгит қилишар эди. Пилла териш пайтида пилласи етишган хонадонга атрофдаги барча хонадонлар бола-чақаси билан ҳашарга чиқар эди.

Мустақиллик йилларида аҳолининг пиллачиликка муносабати тубдан ўзгарди. Пилла мафияси пилла топширган одамларга ҳақини йиллаб бермади. Бор-бора одамлар пиллақурти боқишдан бош торта бошлашди. Ҳукумат қўрқитиш йўлига ўтди, бу ҳам кўнгилгидай натижа бермади. Одамлар бир бирига: “Пилла қурти олавер, ҳеч бўлмаганда ўтинликка шох-шабба йиғиб оласан-ку!” дейдиган бўлишди. Охирги чора сифатида ҳукумат бу вазифани фермерлар гарданига юклади. Оддий хонадондан фарқли фермернинг йўқотадиган нарсаси кўп, уни ҳукумат бир зумда хонавайрон қилиши мумкин. Шундай қилиб Ўзбекистонда пиллачилик соф репрессив сиёсат гирдобига тушди. Табиий, бундай шароитда бу соҳа ривожланишнинг энг орқа сафларида бўлиб қолаверади.

Дунёда ким қанча пилла етиштиради?

 

Интернетнинг хабар беришича ҳозирги пайтда пилла етиштиришда энг илғор давлат Хитой бўлиб, у йилига 500 минг тонна пилла тайёрлайди. Бу – дунёда етиштириладиган пилланинг 70% дир. Иккинчи ўринда Ҳиндистон – бу мамлакатда бир йилда 125 минг тонна пилла ҳосили олинади. Ўзбекистон бу қаторда учинчи ўриндадир – унинг йиллик “улуши” 22-25 минг тонна. Бразилия ва Вьетнам каби “пиллакор” мамлакатларда бор-йўғи, мос равишда, 14 минг ва 13 минг тонна пилла етиштирилади, холос. Дунёда пиллачилик билан шуғулланадиган мамлакатлар 40 тагача боради.

Мато тўқишга тайёр ипак ипини энг кўп сотиб оладиган мамлакат Италия, киши бошига энг кўп ипакли мато “истеъмол” қиладигани Япония, дунёда энг кўп ипак мато ва кийим сотиб оладигани эса АҚШ экан. Ва ниҳоят, ҳозирги пайтда дунё бозорида 1 (бир) kg пилла ипининг нархи $32 эканини айтиб ўтсак зиён бўлмайди. Бошқача айтганда, ипак ва ундан тўқилган ва тикилган буюмларнинг дунёда бозори “чаққон”лиги шўбҳасиздир. Демак, Ўзбекистон ўз иқтисодини асосан пиллачиликка қаратса ютса ютали, асло ютқазмайди.

Ҳикоя:  2005 йилда мен Парижда таниш бир ҳуқуқбон аёлнинг уйида бўлдим. Унинг уйи деворига турмушга чиқиш тўйи тантаналари акс эттирилган кўп расмлар илинган экан. Келиннинг устидаги либос марғилон атласидан тикилганлиги мени ҳайратга солди. Менинг: “Сиз европаликсиз, буерда келинлар тўйга оқ либос тиктиришади. Сиз нега келинлик либосингизни марғилон атласидан тиктирдингиз?” деган саволимга у шундай жавоб берди: “Агар Францияга марғилон атласи олиб келиб сотишса эди, у тала-тала бўлиб кетар эди. Француз аёллар анашунақа матоларни ёқтиришади. Менинг бир танишим Ўзбекистонга бораётганда мен ундан бир кийимлик марғилон атласидан олиб келишни илтимос қилдим. Тўйда қатнашган меҳмонлар менинг либосимни кўриб юксак баҳо беришди”. (Тамом).

СССР даврида Марғилон ипак матолар тўқиш фабрикаси машҳур эди. Унинг маҳсулотларини ўзбек хотин-қизлари ҳам севиб харид қилишар эди. Қаёққа қараманг устида атлас либос лов-лов товланган хотин-қизларга кўзингиз тушар эди. Ўзбек атласи фақат Ўзбекистонда эмас, анаънавий пилла етиштирадиган мамлакатларда ҳам машҳур эди. Ипак матолар энг табиий маҳсулот (ипакқурти тут баргини истеъмол қилиб, ўз организмида етиштирган ипак моддаси) бўлгани учун бўлса керак, ипак матолар, хусусан марғилон атласи, дунё аёлларининг севимли кийимлиги бўлиб қолаверади.

Пиллачиликни ривожлантириш пахтачиликдан бутунлай воз кечиш деганими?

 

                Фикримча, пахтадан тамоман воз кечиб бўлмайди. Пахтанинг ўз ўрни бор: медицинани пахтасиз тасаввур этиш қийин, эркакларни шойи либосда кўриш эришли, билишимча Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам эркакларни шойи матолардан ўзоқ бўлишга, кўпроқ дағал матолардан тикилган кийим кийишга даъват қилганлар. Ўзбекистоннинг иқлими шароитида эркак кишининг оқ пахта матосидан тикилган кўйлак кийиши айни муддаодир. Одам гигиенасининг ажралмас қисми бўлган сочиқ ҳам пахталик бўлгани маъқул.

Иқтисодни пиллачиликка томон буриш ҳам бир зумда бўладиган иш эмас – бунга йиллар кетиши аниқ. Пилла етиштириладиган махсус, кўпфункционал биноларнинг оптимал вариантларини ишлаб чиқиш, уларни қуриш, аста-секин тут плантациялари сатҳини кенгайтириш, пилла етиштиришдаги барча операцияларни бажара оладиган машиналарини лойиҳалаш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, пилла ва пахта етиштирадиган ҳақиқий, эркин, мустақил фермерлар синфини шакллантириш, мазкур фаолиятларнинг меъёрий-ҳуқуқий қонунларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий қилиш – анча-мунча вақтни талаб қилади.

Асосийси, мен мақола бошида айтиб ўтган ёш, холис, узоқни кўра биладиган иқтисодчилар мамлакатда ҳали сақланиб қолган бўлса, уларни уюштириш, давлат томонидан уларга илмий ва амалий ишлар қилиш учун барча шароитларни яратиш, улар мазкур лойиҳанинг жамият ривожига тенгсиз катта ҳисса қўшишини халқ орасида оммавий ахборот воситалари ёрдамида тарғиб қилишлари учун имкониятлар бериш лозим бўлади.

Мақолани ёзишим давомида мен бир таниш фермер билан боғландим ва унинг фикрини сўрадим. Танишим мақола ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва ўзининг таклифини киритди. У тут плантациялари ташкил қилишда тутлар орасини 4 метр қилиб экиш ва плантацияни деҳқонларга бўлиб бериш керак, деди. Тутлар шу тариқа экилса, улар орасида полиз экинлари экиш имконияти бўлади, деди у. Унинг фикрича деҳқон плантация нормал ривожланиши учун жавобгар бўлиши, тутлар орасида эса полиз экинларини етиштириши, даромадидан давлатга солиқ тўлаши, етиштирган маҳсулотини ўзи сотиши, плантация яқинида ўзига кичик бир хонадон ёки шийпон қуриши ҳуқуқига эга бўлиши керак. Битта катта плантация бўлиб берилган бир неча деҳқонларга кичик бир ширкатга бирлашиш, ўз маҳсулотларидан консерва, қуритилган қовун ва мевалар, турли шарбатлар ва бошқа неъматлар тайёрлаш учун мини-завод қуриш, тайёр маҳсулотни чет элларга чиқариш ва бошқа имтиёзлари берилиши керак.

Ушбу мақолани ўқиган юртдошларимиз шу мавзуни ривожлантириш учун ўз фикрларини билдирсалар, бахс қилсалар, таклифлар киритсалар мен мамнун бўлар эдим.

              

 

 

 

 

 

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: | Leave a comment

Post menyusi

Leave a comment

Create a free website or blog at WordPress.com.