“Весмасианлик даври”нинг шиддатлари – 5-қисм

Толиб Ёқубов

 

Бюджетни қонуний солиқлар билан эмас, “пул қилиш” билан тетапоя қилиб туриш – бозор иқтисоди тушунчасига зид унсурдир

 

Давлат бюджетини “пул қилиш” йўли билан тетапоя қилиб туриш қолоқ ва ибтидоий усулдир – бу усул билан яшаётган давлат ривожланмайди ва йилдан йилга орқага кетаверади. Табиий бойликлар (нефть, газ, олтин ва ҳ.)ни сотиб “тирикчилик қилиш” фақат вақтинчалик эффект беради, холос, бироқ ривожланишга ҳисса қўшмайди. Россия мисоли бунга яққол фактдир. Россиянинг давлат бюджети газ ва нефтьни ташқи мамлакатларга сотиш ҳисобига шакллантирилади. Бундай “пул қилиш” нафақат давлат бюджетини, балки давлатнинг ўзини ҳам зилзиладай титратиши ва ҳатто ўлимини тезлатиши ҳам мумкин. Бир пайтлар СССР ташқарига нефть сотиш билан “тирикчилигини ўтказар” эди. Ҳаёт нефть қимматроқ бўлса – яхши, арзон бўлса – Худо урди эди.  СССРнинг рақиблари ўтган асрнинг 70-80-чи йилларида уни икки синовга рўбарў қилишди: 1) Афғонистонга қўшин киритиш ва серхаражат уруш олиб бориш; 2) Саудия Арабистони каби нефтьга бой мамлакатларни кўндириб нефть қазиб олиш миқдорини кескин кўрайтириш ҳисобига унинг нархини кескин пастга тушириш. Тез орада СССР иқтисоди чок-чокидан ситилиб кета бошлади ва буюк империя қулади. Россия ҳам ўзи билиб-билмай айни шу йўлдан кетмоқда. Россияда на Б.Ельцин ва на В.Путин даврида ривожланиш бўлмади. Унинг атом энергетикаси ва бомбалари, космик тадқиқодлар соҳасидаги ютуқларининг деярли ҳаммаси СССРдан қолган меросдир.

Путин ривожланган мамлакатлар танлаган жамият ва иқтисодни ривожлантирадиган йўлни, яъни демократия ва бозор иқтисоди йўлини танламади. У халқни лақиллатиш учун аввал ўз атрофига пулга ўч бўлган катта бир гуруҳ одамларни тўплади ва уларга чексиз имтиёзлар берди. У бу дўстларига “БОЙИНГ!” деган шиор билан мурожаат қилди. Улар Россиянинг улкан сарҳадларида янги-янги нефть ва газ конларини очишди, натижада давлат бюджетига катта-катта маблағлар туша бошлади. Бошқача айтганда Путин айнан Рим императори Т.Ф.Веспасианнинг йўлини тутди:  у Россия империяси иқтисодини мафия қўлига топширди. Халқнинг турмуш даражаси, асосан катта шаҳарларда, кўзга ташланарли даражада яхшиланди. Мафия ва коррупция “ҳасан-ҳусан”лардай эгизак бўлгани учун Россия улкан коррупция гирдобига тушди ва у империя асосларни секин-аста кемира бошлади. “Веспасианлик даври” империялар учун тинимисиз урушлар давридир. Рим империяси асосларини коррупция зилзиладек титратиб турганда ҳам Веспасиан урушларни тўхтатмагандай, Путин ҳам 13-14 йиллик президентлик даврида Чеченистон, Абхазия, Жанубий Осетия, Днестрбўйи (Молдова) ва ҳозир Украинада катта-кичик урушлар қилиб келмоқда. Баъзи ақли қисқалар: “Путин зўр, қўрқмас! У Россия обрўсини баланд кўтарди!” дея айюҳаннос солишмоқда. Аслида, Путин бу ҳатти-ҳаракатлари билан Россия империясининг парчаланишига улкан туртки бермоқда.

Бир математик масалани ечаётганингизда кўпайтирув жадвали қонунларини бузган ҳолда ҳисоб-китоб қилсангиз масаланинг жавоби бутунлай нотўғри бўлади. Бирор уй қураётганингизда қурилиш материалларини МАТЕРИАЛЛАР ҚАРШИЛИГИ фани қонунларига хилоф равишда танласангиз, уй тез орада қулайди. Иқтисоднинг ҳам ўз қонунлари бор. Инженер “ватанпарварлик”ни кўзлаб  кўпайтирув жадвали ва материаллар қаршилиги қонунларини бузганда ҳалокатли оқибат қанчалик тез юзага келса, иқтисод қонунларининг бузилишининг ҳалокатли оқибатлари ҳам шунчалик тез юз беради. СССР пайтидаги репрессив иқтисод (К.Маркснинг хусусий мулкчиликни тугатишга асосланган иқтисодий назарияси) бу улкан империянинг кушандасига айлангандай, Россияда ҳукм сураётган “советча иқтисод” ҳам ўз репрессивлигини йўқотган эмас. Бир қарашдан Россия бошқа мамлакатлардан келган миллионлаб одамларга иш бергандай ва унинг иқтисоди шу меҳнат муҳожирлари ҳисобига юксалаётгандай туюлади. Аслида ундай эмас. Россиядаги нарх-навонинг ҳамда пулнинг қадрсизланишининг баландлиги, баъзи категория ишлар (мас., кўча ва ҳовлиларни тозалаш, қурилишларда ишлаш ва б.)га эса тўланадиган маошнинг камлиги рус жамиятида бундай ишларни бажаришни истамайдиган қатламни яратди. СССР пайтида ҳам русзабон аҳолиси ичида қишлоқ хўжалиги ишлари (мас., пахтачилик)да ишлашни истамайдиган, фақат фан билан шуғулланиш, ўрта ва олий ўқув юртлари, завод ва фабрикалар, милиция ва армияда ишлашни ёқтирадиган каттагина қатлами мавжуд эди. Ана шундай маҳаллий қатлам ишини ҳақ-ҳуқуқи умуман ҳимояланмаган келгинди муҳожирлар бажармоқда.

Газ ва нефть “игнасига ўтирган”, кераксиз ва агрессив урушлар қилиб турган Россиянинг ахволи оғир. Унинг Сибирь қисмига кўз олайтирган бошқа бир империя Хитойни назардан соқит қилмаслик керак. Хитойлилар ва уларнинг империаторлари ва кейинги коммунистик раҳбарларининг менталитети (зеҳнияти)га эътибор қилинса, бу менталитетни ўз ўлжасини қимирламай соатлаб, кунлаб кутиб ётган йиртқич ҳайвон менталитетига қиёслаш мумкин. Хитой Россия каби безбетларча бошқа давлат ерларини ёки унинг бир қисмини босиб олавермайди, у дамини ичига ютиб пайт пойлайди, ўлжаси кучсизланиб қолгач ҳаракат қилади. Ҳозирнинг ўзида, мутахассисларнинг айтишича, миллионлаб хитойликлар Хитой-Россия чегарасини “ўзиники” қилиб олишган ва Сибирь ўрмонларида дарахтларни кесиб теп-текинга Хитойга ташимоқдалар. СССР пайтида мамлакатнинг бутун периметри бўйлаб қаттиқ қўриқланадиган чегара заставалари бор эди. СССРнинг парчаланиши натижасида бундай заставалар сони кескин камайиб кетди, баъзи ҳудудларда эса ўз фаолиятини тўхтатди, Россиянинг жанубий-шарқий чегаралари ҳувиллаб қолди. Ҳозирги пайтда Россиянинг Узоқ Шарқида хитойлилар маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ яшамоқда. Инсоният тарихида бир империя иккинчи империяни еб тугатганига мисоллар кўп. Мисол сифатида Ҳитлер Германияси империяси Австрия-Венгрия империясига барҳам берганини олиш мумкин. Перспективада (келажакда) Хитой Россиянинг ҳаммасини бўлмаса ҳам, унинг катта қисмини ҳазм қилиб юбориши эҳтимоли жуда катта.

 

“Веспасианлик даврида миллатлараро муносабатлар

 

Веспасиан давридаги Рим империясида юзлаб миллатлар яшаган. Бу реаллик империя ҳудудларида ҳамма вақт, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда тартибсизликлар, ўзаро урушларни келтириб чиқарган.  Бундай ғалаёнлар империя иқтисодига салбий таъсир қилмай қолмайди. Ғалаён ва урушларни тўхтатиш, бостириш ва ҳаётни бир маромга келтириш катта харажатларни талаб қилади. Бир файласуфнинг “Инсоният тарихи – урушлар тарихидир” деганидай “Империялар тарихи – урушлар тарихидир”. Бу ҳақиқатни Россия империяси тарихида яққол кўрамиз ва “Қандай қилиб Россия империяси шу пайтгача йўқ бўлиб кетмади?” деб ажабланамиз. Бир пайтлар кичкина давлат бўлган Англия қироллари ўзининг халқи онгига мамлакатнинг буюклигини шу қадар сингдирган-ки, у ҳар бир инглизга болалигидан наркотикдай таъсир қилган ва қирол “мана бу мамлакатни босиб оламиз” деб фатво берса, инглизлар унинг сўзини икки қилмай босқинчилик урушига отланаверган ва натижада Буюкбритания империяси юзага келган. Чамаси, русларда ҳам шу “юқумли касаллик” ҳукм суриб ўтган. Империя сурункали уришавергач, давлат пропагандаси аҳолида, одатда сохта, ватанпарварлик руҳини шакллантира бошлайди. Натижада мутлоқ аксарият одамларда империячилик менталитети (зеҳнияти) ўрнашади. Қўпол қилиб айтганда, ҳатто ўтакетган пиёниста ҳам бошқа миллат вакилларига империячилик кўзи билан қарайдиган бўлади. Империячилик касалидан қутулиш учун инглизларга 500 йилдан ортиқ вақт кетди. Айни пайтда ўз империясини тиклаш бирорта инглизнинг хаёлига ҳам келмайди. Ҳозирги пайтда ўзининг собиқ империясини тиклаш ғояси В.Путиннинг давлат раҳбари курсисини эгаллаганидан кейин Россияда юзага келди.

Империячилик касали билан оғриган одам бошқа халқ ҳудудида яшаса ҳам унинг тили, маданияти ва анъаналарини буткул рад этиб яшайди – у ўзида буларга эҳтиёж сезмайди. Мисол: 1990 йилда бир гуруҳ кишилар “Тошкент” меҳмонхонаси яқинидаги, ўша пайтда Ленин музейи бўлган бино ёнида жойлашган 9-қаватли “Матбуот уйи” деб аталувчи бинога бордик. Кираверишдаги фойеда бир рус чол қоровул бўлиб ўтирар экан. Одамларимизнинг кўпчилиги юқорига чиқиб кетиш, икки киши пастда, фойеда қолдик ва бекорчиликдан чол билан суҳбатлаша бошладик. Чол Ўзбекистонга 1935 йилда келганини айтганда мен: “Ундайда сиз ўзбек тилини жуда яхши ўзлаштирган бўлсангиз керак-а?” деб сўрадим. Чолнинг жавоби бизни ҳайратга солди: “Нима кераги бор менга! Ўзбек тилини ўрганишга менда эҳтиёж бўлмаган”. Аксинча, Буюкбритания империяси ҳудудларида бошқа халқлар устида инглизлаштириш, Россия империяси ҳудудларида эса руслаштириш сиёсати юргизилган. Бундай сиёсат колониал халқ менталитетига маълум даражада ижобий, маълум даражада салбий таъсир кўрсатган.

Бироқ колонизаторнинг асосий мақсади колониал халқ учун хизмат қилиш эмас, балки унинг бойликларига шерик бўлишдир. Шерик бўлиш, одатда, шу қадар бўлган-ки, колониал халқ амал-тақал қилиб яшаб туриши, бироқ моддий неъматлар ишлаб чиқаришдан тўхтамаслиги кўзда тутилган. Мисол: 1916 йилда русларга қарши Жиззахда қўзғолон бўлганини кўпчилик билади. Ўша пайтда 1-чи жаҳон уруши кетаётган, Россия империясининг текин ишчи кучига катта эҳтиёжи бўлган ва ҳукумат колониал ҳудудлардан оммавий равишда мардикорларни уруш ортига сафарбар этишни бошлаган. Қўзғолон ана шу сафарбарликка қарши уюштирилган. Қўзғолон шафқатсиз бостирилган ва Жиззах музофотининг барча бўйетган эркаклари мадраса майдонига қўли ва оёғи кишанланган ҳолда отиб ташлаш учун ҳайдаб келинган. Бироқ охирги лаҳзада отиш бекор қилиниб, бутун халқ, аёлу-эркак бола-чақаси билан, Россия фойдасига қовун-тарвуз етиштириш учун чўл зонаси (Жиззахдан тахминан 30 км нари)га сургун қилинган. Ёз давомида, жазирама иссиқда, дов-дарахтсиз чўлда, сувсизлик ҳолатида аҳолининг катта қисми, айниқса ёш гўдаклар ва қари-қартанглар, ўлиб кетишган, чўлда катта қабристон пайдо бўлган.

Миллатлараро келишмовчиликлар империянинг парчаланишини тезлатишига Австрия-Венгрия империясининг парчаланиши яққол мисол бўла олади. Бу империяда 20 га яқин халқлар яшаган ва ХХ-аср бошида улар орасидаги муносабатнинг ёмонлашгани империянинг тинкасини қуритган эди. Бу пайтда империянинг қисмлари бўлган Галицияда полякларга қарши украинларТрансильванияда — руминларга қарши венгрларСилезияда — чехларга қарши немислар,  Карпатортида — венгрларга қарши русинлар уришаётган бўлса, Болқонда боснияликлар, серблар, хорватлар ўз мустақиллиги учун кураш олиб бормоқда эди. Миллатлар орасидаги урушлар ХХ-асрнинг 20-чи йилларига етмай Австрия-Венгрия империясининг қулашига олиб келди. Шундай қилиб, бирмиллатли давлатдан фарқли ўлароқ таркибидаги миллатлар орасида юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар ҳисобига кўпмиллатли империя парчаланишга маҳкумдир.  СССРнинг парчаланишидаги асосий омиллар, юқорида айтилганидек, дунё бозорида нефть нархининг кескин арзонлашгани ва СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши бўлса, бу жараённи (парчаланишни) тезлатган омиллардан яна биттаси Молдавия ССР таркибидаги Тирасполь русларининг Россияга қўшилиш мақсадида молдаванларга қарши қуролли кураши, Арманистон ССРнинг Озарбойжон таркибидаги Тоғли Қорабоғда яшовчи арманларни қўллаб-қувватлаб Озарбойжонга қарши уруш очиши, Грузия таркибидаги Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисини руслар томонидан гиж-гижлантирилиши натижасида бу икки ҳудуднинг Грузия таркибидан чиқишга интилиши билан боғлиқ уруш бўлди.

Баъзи одамлар ўлим олдида талвасага тушиб кескин ҳаракат қилгани каби империя ҳам тирик организм сифатида ўлими олдида талвасага тушиб қолиши мумкин. Бу асосан империянинг ўз ичида ёки ён-атрофида бефойда, беҳуда ва мантиқсиз катта-кичик урушлар қилиши билан боғлиқ. Россияни ҳозир шундай талваса чулғаб олгандай кўринади. Россия 90-чи йиллар бошида Молдавиянинг Днестрбўйи (Тирасполь) ҳудудига тинчликни сақлаш баҳонасида қўшин киритди, Шимолий Кавказда “терроризмга қарши амалиётлар” ниқоби остида тинимсиз урушлар олиб бормоқда, 2008 йили у Жанубий Осетияни Грузиядан тортиб олиш мақсадида Грузия билан қисқа муддатли уруш қилди ва, ниҳоят, 2014 йилда Украинага қарши босқинчилик сиёсатини юргизмоқда. Бу – ўлим олдидаги талваса эмасмикин? Ўлим олдида одамнинг талвасаси узоққа чўзилмайди, бироқ империянинг талвасаси йилларга чўзилади.

Империяларда кичик халқлар тақдири

 

Империялар таркибида бўлган кичик халқларнинг тақдири аянчли бўлганига мисоллар жуда кўп. АҚШда индеецлар деб аталувчи турли кичик халқларнинг кўпчилиги ё йўқ қилинган, ёки резервация деб аталувчи ёпиқ ҳудудларга ҳайдаб киритилган ва яқин-яқингача уларга ташқи дунё билан алоқа қилишга йўл қўйилмаган. Испанлар истилосига қадар индеецлар Шимолий, Марказий ва Жанубий Америка қитъаларида ривожланган, бетакрор цивилизация (маданийлашган давлат)ларни барпо қилишган. Мая, инк ва бошқа америкалик халқларнинг архитектура ёдгорликлари ҳозиргача олимларни ҳайратга солади. Бир пайтлар катта халқлар бўлган индеецлар испан босқинчилари томонидан қирилгач кичик халқларга айланганлар. Кейинчалик испанлар қирғинини Европадан кўчиб борган миллионлаб оқтанлилар давом эттиришди. Индеецларнинг бойликлари, хусусан кумуш, олтин, қимматбаҳо тошлар, кемалар билан Европага ташилди. Европа колониализми ноёб, бетакрор цивилизацияни барбод қилди, уни яратган халқларни эса ҳалокат ёқасига олиб келди.

Россия империясида ҳам кичик халқлар кам эмас эди, бироқ уларнинг тақдири индеецлар тақдири каби аянчли бўлди. Улар Россиянинг Энгчекка Шимоли, Сибирь ва Узоқ Шарқнинг шимолида яшар ва буғичилик, мўйнали ҳайвонларни овлаш орқали мўйна тайёрлаш, балиқ овлаш каби фаолият билан шуғулланар эди. Чор Россияси пайтида ҳам, 1917 йилда ҳокимиятни эгаллаган “қизил” большевиклар даврида ҳам ва, ҳатто, СССР қулагандан кейин салоҳиятга келган ҳозирги ҳукумат бошқарувида ҳам кичик халқларга бўлган стратегик муносабат ўзгармади: турли йўллар билан уларнинг сонини қисқартириш, ерости бойликлар бор ҳудудлардан уларни ҳайдаб чиқиш, интеллектуал ўсмаслиги учун аҳоли орасида ароқхўрликни кучайтириш, ўзлигини унуттириш учун руслаштириш сиёсатини олиб бориш, давлат бошқариш идораларига уларни жалб қилмаслик, норозилик элементларини тамоман йўқ қилиш ва ҳоказо. Мас., Россиянинг Энгчекка Шимолида маҳаллий аҳоли қондош икки халқ – ханти ва мансидан иборат бўлиб, олдинги асрнинг 30-чи йиллари бошида бу икки халқ 8 миллионни ташкил қилган. Чор Россияси даврида катта зулм кўрган бу халқлар большевикларни халоскор сифатида қарши олишган, бироқ СССР даврида зулм янада кучайган. 1932-33 йилларда ханти ва мансилар уюшиб қўзғолон кўтаришган ва большевистик идораларни йўқ қилишган. СССР ҳукумати қўзғолонни бостириш учун у ҳудудларга жазоловчи армия киритган ва қирғин 1936 йилгача давом этган. Қирғиннинг натижаси ўлароқ ханти ва мансилар сони 2-3 миллион даражасигача туширилди.

Аслида Россия империясида энг бой халқлар айнан кичик халқлардир. Сабаби оддий: деярли барча нефть ва газ конлари шу халқлар ҳудудида топилган, барча асосий олмос, олтин ва нодир тошлар конлари ҳам шу ҳудудларда бўлиб, ҳозирги пайтда Россияни Россия қилиб турган ана шу конлардир. Сибирьнинг бепоён ўрмонлари нафақат ёғочи билан, балки Менделеев жадвалидаги ноёб элементлар макони сифатида ҳам ҳар қандай давлатни бой қила олади. Бироқ бу бойликларнинг ҳақиқий эгаси бўлган кичик халқлар мазкур бойликларга яқин ҳам йўнатилмайди. Россиянинг кичик халқлари шимолда Шимолий Муз океани, шарқда эса Тинч океани бойликларидан фойдаланишлари мумкин эди, бироқ улар бундай имкониятдан маҳрум қилинганлар. Инсон табиатидаги очкўзлик касали империяларга ҳам хосдир. АбуАли ибн Сино айтганларидай ботқоқ одамни тамоман ютгани каби очкўзлик ҳам одамни ўз домига тортади ва ўлимга олиб боради. Империялар ҳам шу – очкўзлик бора-бора империяни ўлимга, яъни парчаланишга олиб боради.

Ўтмишдаги ва ҳозирги империяларнинг тақдири бир хил – аввал: ўсиш кузатилади, экспансия (ҳудудий кенгайиш, иқтисодий равнақ ва ҳ.) юз беради, қўшни мамлакатлар ерини ҳарбий йўл билан босиб олиш амалга оширилади, кейин: ички инқироз бошланади, деярли барча соҳада турғунлик (ўсишнинг тўхташи) бошланади, жамият кучсизланиб боради, орқага кетади, моддий ва маънавий инқирозга учрайди ва аста-секин сиёсат, иқтисод, савдо-сотиқ ва бошқа соҳаларда тўлиқ синиш юз беради. Империя катта-катта ҳудудларни босиб олгач, уларни бошқара олмай қолади, уларнинг иқтисодини ривожлантира олмайди, аҳолини унча-мунча муносиброқ ҳаёт ва тенгҳуқуқлик билан таъминлай олмайди. Шундан бошлаб давлат фақат маънавиятнинг оммавий инқирози, коррупция ҳамда аскарлар ва зобитларнинг “олий табақа” мол-мулкининг ҳимояси учун жон беришни истасликлари туфайли кучсизланиб қолган ҳарбий кучга таяниб қолади. Империя ичида ғалаёнлар бошланади – бу халқ норозилиги ва ғазабининг ягона усули сифатида қаралади. Бу ғалаёнлар бостирилади, бироқ ҳар бир кейинги ғалаён катта қийинчилик ва катта йўқотишлар эвазига эришилади. Бир пайтнинг ўзида ички норозиликлар билан ташқи норозиликлар ҳам йиғила боради. Халқаро майдонда империя ҳатти-ҳаракатидан жабрланган халқлар унга қарши бирлашишга ва унинг табиий душманлари томонига ўтишга интиладилар. Бу халқлар ўзларига тегишли нарсаларни қайтиб олишгагина эмас, балки империя томонидан бўлиши мумкин бўлган хавфларни ҳам йўқотишга ҳаракат қиладилар.

 

Тоталитар ва авторитар давлатлар.  Чегараланмаган ҳокимият — даҳшатли нарса

 

ХХ-аср инсониятга бир-биридан мудҳиш учта тоталитар давлат – СССР, Германия ва Италияни “ҳадя” қилди. Мос равишда коммунизм, нацизм ва фашизм ғоялари асосида ташкил қилинган бу давлатларда тоталитаризм унсурлари бир хил эди: “доҳий”га сиғиниш (В.Ленин-И.Сталин, А.Ҳитлер, Б.Муссолини), яккапартиявийлик (коммунистик партия, национал-социалистик партия, миллий фашистик партия), жамият ҳаётининг барча соҳаларини давлат томонидан назорат қилиниши, чегараланмаган (қонун билан чекланмаган) ҳокимият, демократик ташкилотларнинг тақиқланиши, конституцион ҳуқуқ ва эркинликларнинг йўқ қилиниши, тараққийпарвар кучлар ва ўзгачафикрлиларга нисбатан чидамсизлик ҳамда уларни қатағон қилиш, жамият ҳаётини ҳарбийлаштириш (ва б.). Бундай давлатларда бошдан-бош, яъни ҳокимиятни эгаллаб олгандан бошлаб доҳийни халққа мутлақо мусаффо қилиб кўрсатадилар. Доҳийлар ўз миллатдошларининг энг яхши анъаналарини ўзларида акс эттиргандек намоён этадилар. Ташвиқот бунда асосий ва стратегик роль ўйнайди. Давлатнинг асосий ташвиқоти халқ, айниқса ёшлар онгига доҳийнинг “беғубор” образини сингдиришга қаратилган бўлади.

Бенито Муссолини, масалан, уни яримяланғоч, кўйлаксиз далада ишлаётганда суратга олишларини ёқтирарди. Халқнинг онгига унинг образини чуқур сингдириш мақсадида фашистлар тинимсиз “Италия эркаги!”, “Доҳий ҳамма вақт тўғри гапиради!” каби шиорларни такрорлардилар. Россия президенти Путин XXI-асрда давлат бошига келган бўлса-да, у ҳам халққа ўзини Б.Муссолини каби намоён қилишни яхши кўради: бир қарасангиз у қирувчи самолёт рулини бошқараётганини, дам қарасангиз аквалангда денгиз тубига шунғиб қадимга сопол идишлар олиб чиқаётганини, бир гал Узоқ Шарқ ўрмонларида ухлатилган йўлбарс қулоғига сирға тақаётганини, яна бир марта дельтапланда лайлаклар тўдаси ҳамроҳлигида осмонда учиб юрганини кўрасиз. Унинг ёши 60 дан ошган бўлса-да, у ёш йигитдай бақувват, серғайрат ва қўрқмас эканини намойиш қилиш учун японча спорт кийимида дзю-до курашига тушаётганини намойиш қилади, телеэкранда эса у кимларнидир осонликча ерга ағдараётганини кўрсатишади. Яккаҳокимлик сиёсатини олиб бораётган ва мамлакатини тоталитаризм томон судраётган раҳбарга бундай PR (пиар, ўзини “бозорга солиш”)лар халқни чалғитиш учун ҳаводай зарур.

Тоталитар давлатларда жамият ҳаётининг барча соҳаларини давлат томонидан назорат қилиниши шу қадар бўлган-ки, ёш авлодга тоталитар ғояларни сингдириш учун 17-21 ёшлик ўсмирлар, СССРда эса ҳатто 7 ёшдан ўсмир ёшигача бўлган болалар ташкилотлари тузилган. Германияда “Ҳитлерюгенд” (Ёш ҳитлерчилар), СССРда пионер ва комсомол, Италияда “Ёш фашистлар” ташкилотлари ёш авлодни ўз ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаган эди. 2-чи жаҳон урушидан кейин Германия ва Италиядаги тоталитар партиялар ва уларнинг ёшлар ташкилотларининг фаолияти тақиқланди, СССРда эса бу ташкилотлар давлат парчаланганга қадар сақланди, бироқ коммунистик партия Россия ва бир қатор постсовет мамлакатларида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Путин даврида Россияда тўлиқ ҳукумат назорати остида бўлган ва тўлиқ унга хизмат қиладиган “Наши” (“Бизникилар”) ва “Молодая гвардия” (“Ёш гвардия”) каби ёшлар ташкилотлари тузилди ва жонлантирилди. Ҳозирги кунларда энг жиддий экспертлар Россия яна тоталитар давлатга айланаётгани ҳақида ёзишмоқда.

ХХ-аср мазкур учта тоталитар (коммунистик, национал-социалистик ва фашистик) сиёсий режим ўз ғояларига танқидий назар билан қарайдиган инсонларни шафқатсиз йўқ қилиш мақсадида ҳар қандай қотилликка қўл уришдан тоймаслигини, эркинлик ва билими, ғайрат-шижоати билан ўзининг ҳаётий мақсадларига эришишни истаган инсон зотига қарши нафрат билан қарашини ҳамда режим бошлиқлари ғояни инсондан таққослаб бўлмас даражада устун қўйишганини яққол намойиш этди. ХХ-аср инсоният тарихи кўрмаган қатағонлар, очарчиликлар, урушлар ва вайронагарчиликларнинг гувоҳи бўлди. Тарих шуни кўрсатди-ки, национализм (миллатчилик)нинг ҳар қандай кўриниши бегоналарни, коммунизм эса ўзиникини йўқ қилар (ўлдирар) экан. Ёшлигида фашист бўлган, кейинчалик фашизмдан азият чеккан ва антифашист ҳамда антикоммунист бўлган энг машҳур итальян журналисти Индро Монтанелли ҳамма вақт иш столи устида Сталиннинг кичкина ҳайкалчасини сақлар эди. Ундан бир сафар нега столи устида Сталиннинг ҳайкалчасини сақлашини сўрашганда, у: “Сталин ажойиб одам. У коммунистларни ҳар қандай одамдан кўра кўпроқ ўлдирган” – дея жавоб берган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керак-ки, тоталитар сиёсий система халқни лақиллатиш, ўзининг юритаётган репрессив сиёсатини хас-пўшлаш ва унинг ишончини қозониш мақсадида халққа ёқадиган баъзи ишларни амалга оширган. Масалан, нацистлар ҳокимиятга келгач, Германияда “Фольксваген” (“Халқ автомобили”) номли, ҳар бир немис оиласи сотиб олишга қурби етадиган, арзон ва оммабоп автомобиллар ишлаб чиқариладиган бўлди. Бу автомобиль дунёга машҳур бўлди ва 2-чи жаҳон уруши бошланмасдан олдин немис халқининг руҳини кўтарди. Худди шу мақсадда СССРда ҳар йили халқ истеъмоли товарларининг нархи туширилар (пасайтирилар) ва буни халқ орзиқиб кутар эди. СССРнинг пул системаси ҳам мукаммал бўлиб, ҳатто 1 (бир) тийинлик танганинг ҳам қадри бор эди. Авторитаризм (яккаҳукмдорлик) асосида қурилган давлатда тоталитар давлатдан фарқли ўлароқ халқ бирор ғоя атрофида бирлаштирилмайди. Мас., И.Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлганда (1989 й.) СССРда ҳали коммунистик ғоя ҳукмрон эди ва у президентликка сайланганга қадар (29 декабрь 1991 й.) бу ғояни асраб-авайлаб келди. Кейинги йилларда у ўзини коммунистик ғоядан воз кечгандай қилиб кўрсатган бўлса-да, (1) ўзбек халқининг менталитети (зеҳнияти)га мос ғояни топа олмади (аниқроғи, топишни истамади, таклифларни рад этди); (2) Ўзбекистонда давлат бошқарувида коммунистик усулларни сақлаб қолди ва ундан-да даҳшатлироқ нарса — чегараланмаган ҳокимият яратди.

Чегараланмаган ҳокимият шароитида халқ қашшоқлашади. Бунинг асл сабабини қадимги Хитой буюк файласуфи Лао Цзи “Мамлакатда тақиқлар кўп бўлса, халқ қашшоқлашади” деб тушунтирган.  Мамлакатда тақиқларни кўпайтириш фақат тоталитар ва авторитар сиёсий режимларга хос. Хитойнинг ўзида коммунистик тоталитаризм ҳукм сурган пайтларда, яъни 1978 йилгача, қашшоқчилик ўзининг чўққисига чиққан эди, ҳар куни ўнминглаб одам очдан ўларди. Барча соҳада, айниқса иқтисодий соҳада, тақиқлар беҳисоб эди. 1978 йилда Хитой компартияси раҳбари Дэн Сяопин халққа иқтисодий соҳада эркинлик берди, кўп тақиқлар бекор қилинди, Хитойда иқтисодий реформа бошланди. Хитойда сиёсий ҳаётни ҳалиям коммунистик партия бошқарса-да, тез орада бу мамлакат катта иқтисодий ютуқларга эришди. АҚШ ҳар йили ўз университетларида ўқитиш учун чет мамлакатлардан минг-минглаб студент ва аспирантлар қабул қилади. Шуларнинг 60% хитойлилар экан. Эркинликнинг кўламини қаранг! Хитой 30 йил ичида дунёнинг иқтисоди ривожланган иккинчи мамлакатига айланди. Мамлакат ривожланишида давлат раҳбари менталитетининг роли борми? Албатта! Бироқ, давлат раҳбари менталитетининг чўққисида тоза ният турсагина мамлакат ривожланади. Дэн Сяопин Хитой тарихида нияти тоза раҳбар сифатида танилди. Кейинги бир неча аср давомида ўзбекларнинг пешонасига нияти тоза раҳбар битмади – Амир Темур ўлимидан сўнг бошланган тахт талашиш урушлари, Марказий Осиё ҳудудларида юзага келган Қўқон ва Хива хонликлари ҳамда Бухоро амирлиги орасидаги ўзаро урушлар, 150 йилга чўзилган рус босқини даврида “пичоққа илинадиган” бирорта раҳбар чиқмади.

(Давоми бор)

Categories: МАҚОЛАЛАР, ҲУҚУҚБОН ИЖОДИ | Leave a comment

Post menyusi

Leave a comment

Create a free website or blog at WordPress.com.