Айёрликнинг чеки йўқ

ёхуд кимдандир айёрроқ бўлиш мумкиндир,
бироқ барчадан айёрроқ бўлишнинг иложи йўқ
1-қисм

Толиб Ёқубов

            Ким Ш.Мирзиёевга: “Сенинг қароринг – менинг фалоним” дея олади?

Яқинда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев болалар (мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари)ни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида ўзининг НАВБАТДАГИ қарорини чиқарибди. Ўта муҳим қарор. Ўзбекистон келажагини қуллик психологияси (руҳияти) дан жичча бўлсаям узоқлаштирадиган қарор. Ёш-ниҳолнинг қаддини тик ушлайдиган қарор бу. Қарор АЙЁРЛИКдан иборат бўлмаса, албатта. Унинг бундай қарори камида уч йилдан бери чиқарилади. Ўтмаяпти. Амалга ошмаяпти. Болалар қадди ҳамма вақт “дол”дай эгик бўлишидан кимлардир манфаатдордир, балки? Шуни ҳам айтиб ўтиш лозим-ки, азамат Ш.Мирзиёев: “Шундай қарорни 2011 йилда ҳам чиқарувдим, 2010 йилда ҳам чиқарувдим, бу йил қандай юз билан яна чиқараман?” деб юзи қизармабди ҳам.

Олдинги йили қарор чиққандан 10 кун ўтгач, болалар оммавий тарзда пахта теришга ҳайдалди. Бир нарса ҳамон НОАНИҚЛИГИЧА қолмоқда: ҲУКУМАТ  ҚАРОРИни мактаб директори, ёки туман ҳокими, ёинки, боринг-ки, Маориф вазири чиқармаган-ку, БОШ ВАЗИР чиқарган-ку! “Сенинг қароринг – менинг фалоним!” деб ким уни буздийкин? Ўзбекистонда Бош вазир билан таққосланадиган фақат уч шахс бор, холос: Олий Мажлис спикери, Сенат раиси ва президент! Олий Мажлис спикери Дилором Тошмуҳаммедова аёл зотидан бўлгани учун Бош вазирни “фалон нарса”га рўпара қила олмайди ва, демак, бу муҳтарам хонимни ҳисобга олмаса ҳам бўлади. Буларнинг фақат учинчиси “Сенинг гапинг менинг …!” дейишга ўрганган. Бош вазир қарорини шу одам буздимикин?

Нима бўлса ҳам, Ш.Мирзиёевнинг жорий йилдаги қарори бул ҳурматли зот икки нарсани ТАН ОЛГАНИНИ кўрсатади:

1)  Қишлоқ хўжалиги ишларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳақида ҳукумат, хусусан унинг югурдаги Акмал Саидов айтиб келаётган барча иддаолар ЁЛҒОН экан;

2)  Президент ва ҳукумат олиб борётган сиёсат чуқур ва беандиша АЙЁРЛИКка асослангандир.

Дунёда айёр одам кўп, ҳатто адолат йўлга қўйилган мамлакатларда ҳам айёрлар топилади. Давлатларчи? Яккаҳокимлик ўрнатилган давлатларда сиёсат (давлат бошқаруви ва давлатлараро муносабатлар), иқтисод, ижтимоий ҳаёт, қонунчилик, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва ҳатто маданий ҳаёт ҳам АЙЁРЛИК ва КАТТА ЁЛҒОН устига қурилишига маҳкумдир.

Сиёсатда, иқтисодда, давлат қурилишида айёрлик нима? Аввало айёрликни қандай тушуниш керак? Айёрлик – иккиюзламачилик, фирибгарлик, ёлғон, турли “йўллар” билан зулмни оқлаш, симуляция (ўзини донодай, халқчилдай, камтардай, касалдай, жафокашдай (ва ҳ.) кўрсатиш), эгрилик, ҳақиқатни яшириш, алдаш, тўғри йўлдан адаштириш ва ҳоказоларнинг ҳар биридир. Айёрликнинг нечта юзи бўлса, уни ишлатадиган одамнинг ҳам юзи ўшанчадир. Ва аксинча: одамнинг юзи қанча кўп бўлса, у ишлатадиган айёрлик ҳам шунчалик ранг-ба-ранг бўлади.

Тамоман айёр ижрочилик, қонунчилик, суд тизимлари ҳамда ОАВ Ўзбекистондаги ҳокимиятни изчиллик билан мустаҳкамлаб келаётгани ФЕНОМЕНИни,  – сиёсатда айёрликнинг буюк намоёндаси бўлган Ислом Каримовнинг “хизмати” дея қараш мумкин.

 Айёрликнинг бир маъноси – айтилаётган гап ёки қилинаётган иш гўёки чин сидқи-дилдан бўлаётгандай қилиб кўрсатиш бўлса, иккинчи маъноси эса бирор нарса фаолиятини аста-секинлик билан, одамларнинг эътиборини жалб қилмасдан тўхтатиш ёки юксалтиришдан иборатдир.

Сиёсат айёрлиги ёки айёр сиёсат

Баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда И.Каримов деярли ҳамма вақт бориб турган халқчил, яъни тўғри ва силлиқ фикрларни айтади:

–                      у демократия ҳақида ҳаммадан кўп гапиради, бироқ демократия унинг олиб бораётган айёр сиёсати туфайли Ўзбекистонда шаклланмади;

– у қонун устиворлигини тарғиб қилади, бироқ айни устиворлик айёр бўлган ижрочилик, қонунчилик, суд ҳокимиятлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан ўзининг олиб бораётган айёр сиёсати қадар таъминланган, холос. Шунга асосан қонунларнинг “устиворлиги”ни қай даражада таъминлаш кераклигини уларни таъминлашга жавобгар бўлган идоралар илгаридан биладилар;

– у демократик ҳукуматлар шаънига ширин мақтовлар ёғдирар эди, бироқ охир-оқибат улардан бутунлай юз ўгирди; улар билан шу кеча-ю кундузда яқинлашаётгани у бирдан демократияни яхши кўриб қолгани учун эмас, АСЛО, балки жафокаш Афғонистонни қатлиом қилаётган ва у ердан қочишга шайланаётган давлатлар ҳукуматларининг қўллаб-қувватлашлари сабаблидир;

–                     у ҳамма вақт фуқаровий жамият ҳақида гапирар эди, бироқ Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини ўзича мухолифат сафига тиркаб, бу ташкилот давлат рўйхатидан ўтишига бирорта ҳам имкон бермади;

–                     у ўз чиқишларида “иншаАллоҳ” деб ҳам қўяди, бироқ ўша пайтнинг ўзида унинг қамоқхоналарида ўнминглаб ёш виждон тутқунлари ўз диний эътиқодлари туфайли азобларга солинмоқда;

–                      у гап келганда: “Ерни унга ишлов берадиган одамга бериш керак” деган гапни эринмай такрорлар эди, бироқ у коммунистик системанинг самарасиз “колхоз” (коллективное хозяйство) ва “совхоз” (советское хозяйство) хўжаликларини яқин-яқиншача сақлаб келди, кейин бу атамаларни аввал соф ўзбекча “жамоа хўжалиги”, кейинроқ “ширкат” атамаларига алмаштирди ва, ниҳоят, ерга ишлов берадиган одамларга “фермер” деган исм бериб, барчасини ҳокимларнинг феодал тузум шароитидаги крепостной1) ларига айлантирди;

–                      ахлоқ софлиги ҳақида беҳисоб сафсата айтиб, ва ҳатто китоб “ёзиб”, ҳаммани одоб, иззат ва виждонлиликка даъват қилса-да, бироқ постсовет ҳудудида коррупция энг учига чиққан ижрочи ҳокимиятни шакллантирди; натижада ишсизлар сони кескин кўпайди, эркак ва аёллар ўзга мамлакатларда салкам қуллик ва ҳатто қуллик шароитида ризқ излашга, аёллар эса ўз танасини сотишга мажбур бўлдилар.

–                      90-чи йиллар бошида унинг кўплаб марта такрорлаган шиори “Туркистон – умумий уйимиздир” эди. Ўша пайтларда унинг мазкур шиори айёрона айтилаётганини кўпчилик тушунган эди. Асл мақсад эса Туркия, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва туркий бўлмаган Тожикистон билан ҳар қандай алоқа ва муносабатларни бузишдан иборат эди ва буни вақт тўлиқ кўрсатди. Ҳозир у бу шиорни тамоман унутди ва уни тилга олиш таъқиқланди. Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан муносабати шу қадар ёмонлашган-ки, баъзи пайтларда қуролли тўқнашув бошланиб кетишига бир баҳъя қолган пайтлари бўлган. Юқоридаги шиорини ҳар бир чиқишида такрорлаган одам Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан бўлган чегараларига миналар кўмиб чиқишга буйруқ берди;

–                      90-чи йиллар бошида М.Каримов гўё-ки демократик конституцион тузумга хавф туғдирадиган терроризм, диний экстремизм, фундаментализм ва  сепаратизм ҳақида афсона ўйлаб топди, бироқ у ўз халқига қарши уюштирган давлат терроризми хаёлга келадиган ва келмайдиган барча чегаралардан ўтиб кетди; вақт ҳамма нарсани жой-жойига қўйди: Ўзбекистонда демократия мисқолча ҳам йўқ эканлиги, конституцион тузум асосларига ўзгачафикрлилик эмас, балки ҳукуматнинг ўзи, яъни уни ташкил этувчи прокуратура, милиция, МХХ, ҳокимиятлар (ва б.) хавф солмоқда эканлиги яққол кўринди.

Айёр ижроия ҳокимият

Собиқ коммунистик лидер бош бўлган ижроия ҳокимиятнинг айёрлиги ҳақида халқ ичида афсоналар юради. Бу ҳақда одамлар биринчи марта олдинги аср 90-чи йиллари бошида коммунистик партиянинг туман, шаҳар ва вилоят қўмиталари “ҳокимият”, туман, шаҳар ва вилоят котиблари эса “ҳоким” деб атала бошлагандан бошлаб гапира бошладилар. Бошқача айтганда, И.Каримов СССР пайтидаги ўзига таниш ва қадрдон бўлган коммунистик структурани фақат номини ўзгартирган ҳолда сақлаб қолди.

Буни тушуниш қийин эмас. Суяги коммунистик структуралар ичида қотган бу “лидер” 1991 йилда охирги сониягача Ўзбекистонни СССРдан чиқармаслик учун курашди. Ўша йилнинг 5 майида у “Известия” газетасига интервью берар экан: “Биз СССРдан чиқмаймиз, чунки биз бу иттифоққа улкан қийинчиликлар ила эришганмиз” – деган эди. И.Каримовнинг шу йил 1 сентябрда тезкорлик билан Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилганлиги 15 кун муқаддам “Фавқулодда ҳолат бўйича давлат комиссияси” (ФҲДК)нинг давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлаганидан, ФҲДК фаолияти бостирилгач жазоланиш ва ҳокимиятдан кетказилиши мумкинлигидан қаттиқ қўрққанидан мажбурий қўйган қадамидир. Қўрқув шу қадар кучли бўлган-ки, у қамоққа олиниши мумкинлигини тушуниб, 1991 йил 3 сентябрда Москвада бошланажак СССР халқ депутатларининг Съездига ҳам бормади.

Ҳур фикрга коммунистик чидамсизлик руҳида тарбияланган И.Каримов томонидан тузилган ижроия ҳокимиятнинг сўзсиз айёрлиги шундан иборат эди-ки, у жамиятни демократлаштириш баҳонасида мамлакат бошқарувига ҳур ва ўзгача фикрга янада чидамсизроқ бўлган уруғ-аймоқчилик, яъни клан-маъмурий структурани олиб келди. Ижроия ҳокимият бошида турган айни клан-маъмурий структуралар туфайли қишлоқ хўжалигига асосланган ҳудудларга жамият ва ҳокимият ўртасида ўртаасрлар феодал муносабатлари, яъни феодал ва қул орасидаги муносабатлар қайтиб келди. Бу ҳолат И.Каримовга мамлакатда демократияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қаттиққўллик, жойларда якквҳокимлик сиёсатини олиб бориш учун зарур эди.

Илгари компартиянинг туман (шаҳар, вилоят) 1-чи котиблари ўз ҳудудларида жамиятни қандай қаттиққўллик ва яккаҳокимлик билан бошқарган бўлсалар, уларнинг ўрнига келган ҳокимлар ўша сиёсатни фақат ва фақат кучайтирдилар, камайтирганлари йўқ. Уларнинг фермерларга муносабати (оғир ҳақоратлар, калтаклашлар, ер ва бошқа мулкларини тортиб олиш ва ҳ.) соф қароқчилар муносабатидан фарқ қилмас эди. Аксарият фермерлар нафақат ҳокимлар, балки давлатнинг бошқа буғинлари – милиция, прокуратура, суд, солиқчилар ва банк ходимлари томонидан ҳам хўрландилар.

Ҳар бир соҳада, ҳар бир йўналишда айёрликка эришиш! Бошдан бош, ҳамма давлат органлари, ОАВ ва ҳатто “нодавлат” маҳалла қўмиталари, фуқаролар йиғинлари раҳбарлари олдига: “Биз Ленин деймиз-у, партияни тушунамиз, партия деганимизда Ленинни тушунамиз” каби соф коммунистик усул билан ишлаш масаласи қўйилган эди:

–                     биз ҳар қадамда “Бизда учта бир биридан мустақил ҳокимият мавжуд!” деб гапираверамиз, бироқ мамлакатни фақат президент бошқаради;

–                     биз ҳамма жойда “Бизда суд системаси мустақил!” деб уқтираверамиз, бироқ у прокуратура, милиция ва МХХнинг измидан чиқмаслиги керак;

–                     биз ҳамма вақт ва ҳамма жойда “Биздаги қонунчилик ҳокимияти мустақил, у ҳеч бир органга бўйсунмасдан қонунчилик майдонини юзага келтираверади!” деяверамиз, бироқ у ижроия ҳокимиятини четлаб ўтиб бирорта ҳам қонунни қабул қилишга ташаббус кўрсатишига йўл қўймаймиз;

– биз ҳаммага «Бизда оммавий ахборот воситалари эркин, улар оғзига келган нарсасини газетада ёзишлари, кинога олишлари ва телевизорда кўрсатишлари мумкин!» дея айтаверамиз, бироқ бу ишлар бизнинг цензура (чиғириқ)миздан ўтгандан кейин, биз айтгандай ҳолда амалга оширилади;

Айёрликнинг ана шундай маҳсули амалга оширилди.

(Давоми бор)

Categories: Толиб ЁҚУБОВнинг мақолалари | Метки: , , , , , | Leave a comment

Post menyusi

Leave a comment

Blog at WordPress.com.