Ҳукумат аҳолини қўзғолонга тайёрламоқда

bells animation2007 йил 5 сентябрь куни Жиззах туманининг Тоқчилиқ қишлоғида ноқонуний газ тўловларига қарши аҳолининг йирик йиғилиши бўлиб ўтган ва  унда 100 дан ортиқ фуқаро қатнашган. Йиғилишга қўшни Раваллиқ қишлоғидан ҳам одамлар келиб қўшилишган. Ўша куни эрталаб бир тўйда Тоқчилиқ қишлоғи фуқароси Тўйчи Холматов: «Кимда-ким газ тўловларидан норози бўлса, бугун менинг ҳовлимда йиғилишга борсин» – деб эълон қилган. Ушбу хабар 7 сентябрь куни бутун тафсилотлари билан қўшни тумандан етиб келди ва қишлоққа қилган қўнғироғимдан сўнг воқеа ҳақиқатан худди шундай ривожлангани тасдиқланди.

Табиий, қишлоқда яшайдиган ИИБ ва МХХ «қулоқлари» дарҳол бу муассасаларга хабар берган. Қишлоққа туман ҳокими, газ тармоғи раҳбарлари ва жуда кўп милиция ва МХХ ходимлари етиб келишган ва қишлоқни ўрашган. Бироқ улар етиб келгунга қадар Т.Холматовнинг ҳовлисида 100 дан ортиқ фуқаролар (ҳатто қўшни қишлоқдан ҳам) йиғилишиб бўлган.

Ҳоким ва бошқа раҳбарларни йиғилганлар дарғазаб ҳолда кутиб олишган. Йиғилганлар ҳоким ва бошқаларни юзи-хотир қилиб ўтирмасдан туман газ тармоғи раҳбарлари ва тўловларни йиғадиган инспекторларнинг қаллоблиги, қароқчилиги ва бошқа жиҳатларини очиб ташлашган. Номини ошкор қилишни истамаган бир милиция ходими: «Агар биз бўлмаганимизда йиғилганлар тармоқ бошлиғи Олим Ҳожиевни тилка-тилка қилиб ташлаши аниқ эди» – деди.

Йиғилганлар: «Қишлоғимизнинг бир йигити, Тўйчи Диёров, сен туфайли ўлим тўшагида ётибди, агар у ўлса, калланг билан жавоб берасан» – дейишган. Норозилик намойиши тугагандан уч соат ўтгач, Т.Диёров оламдан ўтган. Бу эса одамларни янада кучли ҳаяжонлантирган. Қишлоқ фуқаролари норозилиги қабристонда ўз давомини топган, шу сабабли қабристон ва унинг атрофида юрган милиция ва МХХ ходимларининг сони жуда кўп бўлган.

 Норозилик илдизи

 Давлат хазинаси бўш, ишсизлик аксарият оилаларнинг тинкасини қуритган, бироқ шундай бўлса-да, солиқлар одамлар тўламаганлиги учун эмас, балки солиқ идоралари ходимларининг юхога айланганлиги туфайли давлат хазинасига етиб бормаяпти, И.Каримов ўзи шакллантирган қўриқчилари армияси (милиция, МХХ, ҳарбийлар ва ҳоказо) учун пул топиб бера олмай қолган ҳолга аллақачон тушиб бўлган, бунинг устига мамлакат беҳисоб харажат талаб қиладиган сайловлар олдида турган. «Пулни қаердан топиш керак?» – деган саволга зўравонликка асосланган сиёсий системаларда жавоб фақат битта бўлади: «Халқдан йиғиш керак!».

Охирги йилларда Жиззах вилоятида газ ва электр тўловларини йиғишда, И.Каримов айтганидай, анча ишлар қилинди:

– гарчи мутлақо ноқонуний бўлса-да, бу тўловларни қариялар ва ёш болаларга бериладиган  нафақалардан ушлаб қолиш;

– гарчи мутлақо ноқонуний бўлса-да, суд ва нотариусларни ишга солган ҳолда қарор чиқартириб, уни бундан мутлақо хабарсиз одамларга таъдим этиш;

– ҳар куни эрталабдан кечгача тўловларни ундирувчи, тоғни урса талқон қиладиган ёш йигитлар – инспекторларнинг ҳовлима-ҳовли юриши ва ҳоказолар.

Кучли иқтисодга эга бўлган мамлакатлар асосан солиқлар ҳисобига яшайди – яшаганда ҳам жуда яхши яшашади. Ҳеч ким солиқ йиққани ҳовлима-ҳовли юрмайди, нафақадан босиб қолмайди. Одамлар газ, сув, электрдан фойдаланишда тежамкорлик қилишлари мумкин, бироқ солиқни тўламаслиги мумкин эмас. Бундай мамлакатларда иш шундай уюштирилган-ки, тўланган солиқ давлат хазинасига эмас, кимнингдир чўнтагига бориб тушиши мутлақо мумкин эмас.

И.Каримовнинг иқтисоддаги «ўзбек модели» эса у: «Бизга ақл ўргатма!» – деб танқид қилаётган ғарб иқтисодий моделидан тубдан фарқ қилади. Дарҳақиқат, Тоқчилиқлиларнинг гапига қараганда тўловларни йиғувчилар ҳар куни эрталаб қишлоқдаги фуқаролар йиғини идорасида йиғилишиб, чой ичгандан сўнг ҳовлима-ҳовли юришга чиқиб кетишар, бугун кирган ҳовлига эртага ҳам, эртадан кейин ҳам боришар экан. Кирган ҳовли эгасидан: «Фалон минг тўланг!»дан бошлаб, охири: «Ҳеч бўлмаса, икки минг беринг!» га тушишар экан.

Қандай олийжаноб ва самарали модель! Ҳавас қилгули модель»! Негадир баъзан солиқ йиғувчиларнинг баъзиларининг кўзи кўкарган ёки юзи шилинган ҳолда келар экан. Қизиқиб сўраган одамга улар ҳеч нарса айтмас экан, лекин бир куни биттаси: «Э, қўйинг сўраманг! Кеча пулни кам топширган эдим, ҳоким урди» – деб мардларча тан олган. Бу – «ўзбек модели»нинг одамларни мардликка ўргатувчи яхши бир жихатидир.

Йиғувчилар пулни кам топширишининг сабаби ҳам Тоқчилиқ қишлоғида очилди. Уларнинг ойлиги ҳам айтарлик даражада эмас экан. Йиғувчилар одамлардан йиғиб олган пул ҳеч қаерда қайд этилмагани, йиғувчи берган «патта» қоғоз кучга эга бўлмагани учун, улар пулнинг бир қисмини ўзларига қўшимча маош сифатида ўзлаштирар экан.

Ҳар куни кечқурун йиғилган пуллар газ (электр, сув) тармоғи бошлиғига топширилади. «Ўзбек модели»нинг яна  бир ўзига хос томони – у (бошлиқ) ҳар куни кечқурун олиб келиб топширилган пулларни нима қилишини ўзи билади. «Ўзбек модели» бошлиққа ҳам, йиғувчиларга ҳам тўлиқ эркинлик берган. Юқорида айтганимиз Олим Ҳожиев туман бўйича одамларга, юқорида айтганимиздек, суд ёки нотариус тасдиқлаган қоғоз юборар ва унда: «Ҳурматли фалонча! Сизнинг газ бўйича 100.000 (125.000, 350.000, 648.000 ва ҳоказо – кимга қанча ёзишни ўзи билади) сўм қарзингиз бор. Қарзингизни беш кун ичида узишингиз шарт, акс ҳолда …» – деган ёзув бўлар экан.

Табиий, қарздор зудлик билан Олим Ҳожиевнинг идорасига етиб борар, бироқ негадир уни бухгалтер эмас, раҳбар қабул қилар, қарздор кабинетга киргач, бошлиқ кабинетни ичкаридан қулфлар экан. О.Ҳожиев қарздорга бир неча бухгалтерия китобларини кўрсатиб, қарзни қарздор «бўйнига қўйиб бўлгач»: «Хўш, тақсир, 394.500 сўм қарзингизни хозир тўлаб кетасизми ёинки кутайликми? Лекин кута олмаймиз, қарздорлар рўйхати ҳокимиятга, судга топширилган. Иложингиз бўлмаса, ўша идораларга бораверинг» – дер экан. Қарздор «Йуғ-э, Олим ака, нима деяпсиз, ҳозир ҳеч қандай имкониятим йўқ, озроқ бўлганда-ям эди?!» – дейиши билан О.Ҳожиев дарров мақсадга ўтар экан: «Бўлмаса – келишайлик, 120.000 ташланг, қолганини менинг ўзим ёпиб юбораман».

Тоқчилиқлик Тўйчи Диёров газ қарзини йиғувчиларга тўлаб, ёзда ўғил уйлантирган. Тўй учун анча-мунча қарз ҳам кўтарган. 16 август куни унга Олим Ҳожиев нотариус тасдиқлаган ва 665.000 сўм қарз курсатилган қоғоз юборади. Жуда қаттиқ изтиробга тушган Т.Диёров 19 август куни ҳовлисида инсульт бўлиб йиқилади. Шундан бошлаб тилга кирмаган Т.Диёров 5 сентябрь куни касалхонада вафот этади.

Тўйчи Холматов август ойида йиғувчига 120.000 сўм тўлаб енгил ошади, бироқ эртаси куни унга 325.000 сўмлик қоғоз келади. Ҳайратланган Т.Холматов дастлаб фуқаролар йиғини раиси Ботир Ропиевга учрашади, ҳокимиятга ҳам боради. Т.Холматов каби арзчилар кўп бўлгани учун, охири Б.Ропиев унга: «Норозиларни йиғинг, менинг ўзим улар билан гаплашаман» – дейди. Чамаси у: «Йиғилса 5-10 та одам йиғилар, уларни алдаш қийин эмас» – деган ҳаёлга борган бўлса ажаб эмас. Воқеанинг бошқа тафсилотлари юқорида келтирилди.

Олим Ҳожиев шунчалар бадхўр, очкўз одамми, у қамалаб кетишдан қўрқмайдими, деган савол туғилали. Аксарият мулозимлар каби у ҳам бадхўр ва очкўз бўлиши мумкин, бироқ унинг атрофида (туманда, шаҳарда, вилоятда) ундан кўра минг марта кучли [мансаб нуқтаи-назаридан; мас., ҳокимият, прокуратура, МХХ, милиция ходимлари] одамлар бор ва улар унга қаттиқ босим ўтказишлари мумкин – давлат манфаати учун эмас, ўзларининг манфаати учун. Масалан. Охакнинг энг яхши нави илгари Жиззахда ишлаб чиқарилган, Жиззах охак заводи Ўзбекистонда машҳур бўлган. Мустақиллик даврида бу завод деярли инқирозга учради.

Ҳозир Жиззахда юзлаб хонадонда қўлбола охак “заводчалар” ишлаб турибди – буни ҳамма билади. Одамлар яна бир нарсани яхши биладилар: ё бу заводчалар лавозимли шахсларга тегишли, ёки заводча очган одам бизнесини қайсидир бир лавозимли шахс “крышевать» қилади. Бу заводчалар катта миқдорда газ ва электр энергиясини истеъмол қилади, бироқ уларнинг эгалари давлатга ҳеч қандай солиқ тўламайди.

Олим Ҳожиев мазкур харажатни қандай қопласин? Қоплаш йўлини унга ким ўргатиши мумкин? Ўргатган одам унинг ўзини ҳам “крышевать” қилиши керак-ку! Ўқитувчи, деҳқон, шофер, ҳуқуқбон ёки “Бирлик” ва “Эрк” партиялари вакиллари бу ишни қила олмайдилар. Жиззах вилоят, шаҳар ёки туман прокурорларининг қўлидан келадими? Бемалол! Шу даражадаги лавозимга эга милиция бошлиқлари-чи? Сўзсиз! Яна ким қолди? МХХ, суд, солиқ, …, яна қанча керак? Олим Ҳожиев булар олдида “пешка” (шахмат пиёдаси)-ку! “Крышеватель” кучли бўлса, у бемалол қалбаки, бироқ суд ёки нотариус тасдиқлаган “қарздорлик” қоғозини ҳеч нарсадан хабари йўқ бечорага юбораверади.  Бироқ у ўзини ҳам унутмайди. Қандай унутсин? “Қонуний” йўл билан тушган ҳамма пулни ҳоким, прокурор ёки милиция бошлиғига беравермайди-ку! Бола-чақа бор, дегандай.

 Буни ҳукумат кимдан кўрар экан?

1993 йил Тоқчилиқ қишлоғи ерларидан 50 гектар ер аҳолига томорқа сифатида бўлиб берилди. Қишлоқдаги кўп сербола оилалар ер танқислиги туфайли тор ҳовлиларда қийналиб яшарди. Қишлоқ четидаги 100 гектар очиқ майдон эса колхоз раиси Мўминжон Қаҳҳоров томонидан эрта баҳорда турли томонлардан келган одамларга элу-халқ кўзи ўнгида нақд пулга сотилар, бу эса қишлоқ аҳлини астойдил ранжитар эди. Охир-оқибат бу воқеълик қишлоқ аҳолисининг кўтарилишига олиб келди. Аҳоли шу қадар кўтарилди-ки, ҳокимият уюштирган бирорта мажлисда одамларни уддалай олишмади. Бир катта мажлисни олиб борган вилоят ҳокимиятининг ходими: «Мен вилоятда 20 йиллар мажлисларни бошқарганман, аммо бундайини кўрмаганман» – деб тўлиқ ютқазган ҳолда мажлисни тарк этди. Ўша мажлисни мен ўз кўзим билан кўрганман. Охирги мажлис қишлоқ мактабининг биносида ўтказилиб, у милиция ходимлари билан ўралган ҳолда унга маҳаллий ҳукумат томонидан тайинланган одамларгина қўйилди,

Мен ўша кезларда Тошкентдаги ишимдан ҳайдалган пайтим бўлиб, Тоқчилиқдаги уйимда яшар эдим. Юқорида айтилган воқеада менинг иштироким шу бўлган-ки, одамлар бир неча марта қонунларнинг моҳиятини сўрагани кечалари уйимда йиғилишган. Бир-икки ойдан кейин бўлиб ўтган воқеаларни ҳокимият «Толиб Ёқубов уюштирган» деган хулосага келган. Воқеаларнинг натижаси ўларок аҳолига 50 гектар ер бўлиб берилди. 2007 йил 5 сентябрьдаги воқеа мен Францияда яшаётган пайтимда содир бўлди. Буни энди ҳукумат кимдан кўрар экан?

Аслида, ўзидан кўриши керак. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида давлатчилик бўлганми-йўқми айтиш қийин, бироқ ҳозирги пайтда давлатчиликдан асар ҳам қолган эмас – давлат тўлиқ қароқчилар тўдасига айланган. Давлат бошлиғи, Бош вазир, Бош прокурор, Олий суд раиси, вилоят ҳокимлари каби барча катта раҳбарларни қўяверинг, оддий туман газ (ёки электр) тармоғи бошлиқлари ва ҳатто пул йиғувчилари ҳам қароқчиларга айланганлар. Қароқчининг оддий одамдан фарқи шунда-ки, сиз кечгача оғир меҳнат қилиб 5000 сўм топсангиз-да, болаларимга нон-қанд олиб бораман, деган ширин ҳаёлда йўлда келаётганингизда олдингиздан қароқчи чиқса, у: «Шу одам ёнидаги пулни қандай топган, унинг бола-чақаси очми, тўқми?» – деб суриштириб ўтирмайди ва ёнингиздаги пулни шилиб олади.

2007 йил 14 май куни Манғит шаҳрида яшовчи Камол Абдуллаев хотини иккаласи уйига ишдан қайтишса, ҳовлисида икки милиция ходими ва бир бегона аёл юрганини кўришган. Бу – қароқчиликнинг белгисидир. Бировнинг ҳовлисига эгаларининг рухсатисиз ёки прокурор санкциясисиз кирган бу шахслар К.Абдуллаевнинг омборида турган, унинг мулки бўлган 1300 кг пахта ёгини зўравонлик билан, ҳеч қандай хужжатсиз олиб чиқиб кетишади. Бу – қароқчиликнинг ўзгинасидир. Прокуратура К.Абдуллаевнинг хотини устидан жиноий иш қўзғаб, ишни судга оширади, суд эса унга бир ярим миллион сўм жарима белгилаб ҳукм чиқаради. Бу – «одил суд» оркали ҳужжатлаштирилган давлат қароқчилигидир.

15 май куни К.Абдуллаевнинг синфдош дўсти ҳуқуқбон (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи) Турсинбой Ўтамуратов қонуний равишда унинг ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўзғатилган жиноят ишига ҳимоячи сифатида ўтади.

5 июнь куни прокуратура ва милициянинг бир гурух ходимлари Т.Ўтамуратовни К.Абдуллаевнинг ҳовлисидан уриб, ҳақоратлаб, машинага зўравонлик билан тиқиб, милицияхонага олиб кетишади. Бу – қароқчиларнинг ўз қурбонига нисбатан ишлатадиган усулидир.

10 сентябрь куни жиноий ишлар бўйича Тахиатош шаҳар суди Т.Ўтамуратовга 4657500 (тўрт миллион олти юз-у эллик етти минг беш юз) сўм жарима белгилаб ҳукм чиқаради. Бу – машҳур рус масалчиси И.Криловнинг «Бўри ва қўзичоқ» асаридаги бўри (қароқчи): «Сенинг айбинг, учраб қолдинг қорним очганда» – деганининг ўзгинасидир.

Ўзбекистонда шаклланган бундай ҳолат илмий адабиётда «веспасианлик» ёки «давлат қароқчилиги» дейилади. «Веспасианлик даври»га Ўзбекистон мустақиллик билан кириб келди ва унинг охирги (учинчи) фазасида шиддат билан кетаётир. Инсоният тарихида беҳисоб империя ва давлатлар бу даврни бошидан кечирган. Ҳозир ҳам СССРдан чиққан деярли (Болтиқбўйи давлатларидан бошқа) барча давлатлар «веспасианлик даври»дадир. «Веспасианлик даври»нинг учинчи фазаси ҳамма вақт мамлакатдаги сиёсий тузумнинг ўлими билан тугаган.

Оддий тилда айтганда, Ўзбекистондаги қароқчиларнинг «кўзини ёғ босган», улар халқни талашга шунчалик берилиб кетишган-ки, мамлакат ўлим сари шиддат билан кетаётганини ҳатто тушунишмайди ҳам. Бош қароқчи эса «Шу қароқчилар менинг ҳимоячиларим» – деб ўйлайди.

 Тоқчилиқ ва Раваллиқ

Жиззах қўзғолонини кўрган

1916 йилда бўлган Жиззах қўзғолонини кўрган одамлар ҳозир қолмаган бўлса керак, бироқ жиззахликлар мазкур қўзғолон тафсилотларини ҳозиргача ўзларининг ота-боболаридан эшитганлари асосида гапириб юришади. Мас., мен тафсилотларни отам мулла Ёқубдан эшитганман. Қўзғолон вақтида отам 21 ёшда бўлганлар, уни ўз кўзлари билан кўрган ва унда қатнашганлар.

Ўша қўзғолон халқни рус истибдодига, яъни зулмга қарши кўчага олиб чиққан. Зулм шу қадар бўлган-ки, қилич, милтиқ, пулемёт ва замбарак билан қуролланган рус армиясига қарши одамлар шоха, болта, ўроқ ва калтак кўтариб урушга кирган. Жиззахлиларга Зомин, Фориш ва бошқа атроф-ҳудудлардан одамлар келиб қўшилган. Қароргоҳи Тошкентда бўлган рус колониал ҳукумати генерал-губернатори Жиззах қўзғолонини бостириш учун Чинозда жойлашган рус казаклари полкини жўнатган.

Куч тенг бўлмаган ва қўзғолон бостирилган. Отамнинг айтишларича, казаклар бир неча кун давомида дуч келган одамни, хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ у бола бўлсин, отиб ёки қиличдан ўтказиб кетаверишган. Охири оммавий қатл қилиш учун Жиззахнинг эркак зотини Эски шаҳардаги мадраса олдидаги майдонга ҳайдаб келишган ва отиш учун пулеметларни чор атрофдан тўғрилаб қўйишган. Шу пайтда Тошкентдан телефонограмма келиб, унда қатл сургун билан алмаштириш, яъни бутун халқни (эркагу-аёл бола-чақаси била) чўл зонасига ҳайдаб, у ерда Россия фойдасига қовун-тарвуз экдириш буюрилган. Одамлар чўлдан октябрь ойида қайтарилган.

 Ҳукумат аҳолини қўзғолонга тайёрламоқда

Тарих кўрсатади-ки, зўравонликка асосланган сиёсий режимлар ўз қотилини секин-аста ўзлари тайёрлаб борадилар. И.Ньютоннинг физикадаги 3-чи қонуни бўйича “бир жисм иккинчи жисмга қандай [қанча миқдор ва қандай йўналишда] таъсир этаётган бўлса, иккинчи жисм ҳам биринчи жисмга миқдоран ўшанча, бироқ қарама-қарши йўналиш бўйича таъсир кўрсатади”. Олимларнинг айтишича, бу қонун ижтимоий ҳаётда ҳам ўринлидир. Оддий қилиб айтганда, ҳукумат халққа қандай муносабатда бўлса, халқ ҳам ҳукуматга ўшандай муносабатда бўлади. Шуни ҳам айтиш керак-ки, ҳукумат зўравонлигидан фарқли ўлароқ халқнинг норозилик жавоби маълум давргача АККУМУЛЯЦИЯ жараёнини кечади, яъни маълум бир критик массага етгунча йиғилиб, тўпланиб боради.

Газ тўловларидан норозилик аккумуляцияси қишлоқ фуқаролари йиғининг раиси Ботир Ропиевнинг Тўйчи Холматовнинг шикоятига бўлган реакцияси яққол кўрсатиб турибди: ҳукуматга елиб-югуриб хизмат қиладиган Б.Ропиев худди ҳукумат каби: “Одамлар тепса тебранмас, “газ тўловларидан норозиларни йиғ”, деганим билан келса бешта, жуда нари борса ўнта одам келади, уларни лақиллатиб алдайман, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираман”, деб ўзича мулоҳаза қилган. Бироқ юздан ошиқ норози одамлар йиғилишга бир зумда етиб келишган.

Ҳукуматнинг халқ орасида юзминглаб айғоқчилари ва “қулоқлари” бор. Уларнинг етказиб турган маълумотлари бўйича ҳукумат халқнинг норозилик даражасини ўрганади, хулосалар чиқаради, чоралар кўради. Бироқ, у ҳар бир одамнинг “ичидагини” билиши осон иш эмас. Ўзбекистон аҳолиси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон аҳолисини қўшиб ҳисоблаганда салкам шу рақамга тенглигини ҳисобга олинса, …

 Жиззахдан охирги хабар

Салкам бир ой илгари Жиззах туманига янги ҳоким тайинланибди. Туманнинг олдинги ҳокимлари З.Саидов ва М.Холбўтаев бирин-кетин қамалиб кетишган эди. Айниқса сенатор Маҳмуд Холбўтаев қамалгандан кейин аҳоли анча енгил тортди, дейишади одамлар. М.Холбўтаев ўзининг билими, ақллилиги ёки халқпарварлиги билан эмас, устозлари И.Каримов ва Ш.Мирзиёев каби сўконғичлиги, одамларни уронғичлиги билан “машҳур” эди.

Жиззахга қўшни Бахмал туманининг ҳокими А.Абдуллаев ҳоким бўлиб келибди. У ҳам бирор феъли билан Бахмалда машҳурмиди, деб сўрашга тўлиқ ҳаққингиз бор, муҳтарам ўқувчи. Ҳа, машҳур эди. Хусусан, ўқитувчилар устига миниб олиб мажлис залида айлантиришга, ўша ўқитувчиларни шу залда савлат тўкиб ўтирган прокурорнинг туфлисини ўпишга мажбур қилишга эришиш бўцича машҳур эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти билдиришнома тарқатган эди.

2011 йил Бош вазир Ш.Мирзиёев мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этишни таъқиқлаб қарор чиқаргандан кейин А.Абдуллаев Бахмал туман мактаблари ўқувчиларини пахта теримига ҳайдаган. Собиқ коммунист райкомлар пахта териш кампанияси даврида ҲАР КУНИ “Пахта штаби”да ярим тунгача мажлис қилишни хуш кўрар эдилар. Ҳозир ҳам шу! А.Абдуллаев бир йиғилишда ўқитувчилардан кунлик ҳисобот ола бошлаган. Бир неча ўқитувчилар бош бўлган ўқувчилар бригадаси кунлик планни бажармаган экани аён бўлгач, ҳоким дарғазаб бўлган ва икки ўқитувчининг елкасига осилиб, уни кўтариб мажлис залини айлантиришни буюрган. Ҳориб йиқилган ўқитувчилар ерга йиқилгач, уларни тепакетган. Бу ҳам етмагандек, залда ўтирган прокурорнинг туфлисини ўпишга мажбур қилган.

Август ойининг бошида янги ҳокимни таништириш маросимига туманнинг турли маҳаллаларидан фуқаролар таклиф қилинган. Вилоят ҳокимияти вакили А.Абдуллаевни таништиргач, сўз янги ҳокимга берилган ва у маъруза қилган. Маъруза тугагач, залда ўтирган бир неча фуқаролар сўзга чиқишган ва янги ҳоким эътиборини баъзи долзарб масалаларга қаратиб ўтишган. Шуларнинг бири Раваллиқ қишлоғидан, ҳокимнинг отаси қаторидаги кекса одам бўлган.

Сўзга чиқувчилар сўзлаб бўлишгач, сўзни яна ҳоким олган ва ҳалиги қарияга ўқталиб: “Қани, тур ўрнингдан!” деб буюрган. Шунда Раваллиқ қишлоғидан келган иккинчи одам минбарга чиқиб: “Жаноб ҳоким, сиз “сен”сираб ўрнидан турғизмоқчи бўлган одам сизнинг отангиз билан тенг. Олдинги икки ҳоким ҳам ҳаммани “сен”сираб одамларни урар эди. Иккови ҳам қамалиб кетди. Сиз қамалиб кетишни истамасангиз ўзингизни маданиятлироқ тутишга ўрганинг. Бу ер Бахмал эмас, бу ер Жиззах. Шуни унутманг”, деган.

Ҳукумат аҳолини қўзғолонга тайёрламоқда.

Categories: МАҚОЛАЛАР | Метки: , , , | Leave a comment

Post menyusi

Leave a comment

Blog at WordPress.com.